Андижон 24

ВИЛОЯТ СУДЛАРИ РАИСЛАРИ МАРҲАМАТДА САЙЁР ҚАБУЛ ЎТКАЗДИЛАР


24.01.2019   1005

Марҳамат туманидаги Алитепа маҳалласида жиноят, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий ишлар бўйича вилоят судлари раислари томонидан сайёр қабул ўтказилди. Унда ўттизга яқин фуқаронинг ҳал этилмаётган, ечимини топа олмаётган муаммолари тингланиб, қонуний тартибда ҳал этиш бўйича ёрдам ва маслаҳатлар берилди.

Бобохуросон маҳалласида яшовчи Музаффар Шойижонов қирғизистон республикасининг Ўш шаҳридаги қирғиз-Ўзбек давлат университети кимё-биология йўналишини тамомлаган. Айрим сабабларга кўра, акаси ички ишлар бўлимининг қидирув бўлимида рўйхатда туради. Шу туфайли йигирма бир йилдан буён ҳеч қаерга ишга олинмаяпти.

– Бир неча тегишли жойларга мурожаат қилганман, – дейди М. Шо-йижонов. – Тўғриси, ўтган йили туман ҳокимлиги томонидан менга Полвонтош шаҳарчасидаги мактабга ишга жойлашишим учун йўлланма беришганда қувонгандим. Халқ таълими бўлимидагилар "комиссия келиб қолса, нима деймиз?" дея рад жавобини беришганидан кейин "тарвузим қўлтиғимдан тушди". Мен бошқалар қатори ишлашни истайман.

Жиноят ишлари бў-йича вилоят суди раиси Воҳиджон Назаровнинг маълум қилишича, туман прокурори мурожаатчининг ҳудуддаги мактабга ишга жойлаштирилишини билдирган.

– Ёшлик қилиб катта хато қилганман, – дейди Фаёзиддин Умрзоқов. – Жиноят жазосиз қолмайди деганларидек, умримнинг 10 йилини қамоқда ўтказдим. Мана олти ойдирки, ишсизман. Бандликка кўмаклашиш марказига бордим. Чиқиб қолса, айтамиз, дейишди. Кутдим, бўлмаяпти. Ишламасам бўлмайди. Гувоҳномам бор, ҳеч бўлмаса ҳайдовчи бўлиб ишга жойлашсам бўларди.

Мурожаат тегишли ташкилотлар билан бирга ўрганилиб, натижаси қисқа муддатда маълум қилиниши тушунтирилди.

УмиджонМамарасулов.