Андижон 24

ВИЛОЯТ ҲОКИМИ ШУҲРАТ АБДУРАҲМОНОВ: «УЙ-ЖОЙ МАСАЛАСИ - ЭНГ ДОЛЗАРБ МУАММО»


16.11.2018   1789

Андижон шаҳар ҳокимлигида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун шаҳар аҳолисини уй-жой билан таъминлаш масалаларига бағишланган брифинг ўтказилди. Ундавилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирок этди.

Брифингда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 25 сентябрдаги қарорига асосан жорий йилда вилоятда таълим муассасаларининг собиқ ётоқхоналарини уй-жой сифатида, қайта таъмирлаш ҳисобига ногиронлиги бўлган, оғир ижтимоий шароитга тушиб қолган 250 та фуқароларни уй-жой билан таъминлаш белгилангани алоҳида таъкидланди.

Қарорга асосан жами 348, шундай фуқароларга уй-жой калитлари тантанали равишда топширилди. Шунингдек, сентябрь ва октябрь ойларида яна 30 нафар фуқаро янги уйга кўчиб ўтди. Мисол учун оладиган бўлсак, Андижон шаҳридаги 2 та ётоқхонага 63, Хонобод шаҳридаги ётоқхонага эса 27 та оила кўчиб ўтган. Маълумотларга кўра кўрсаткич Асака туманида 23 та, Балиқчи ва Бўзда 8 тадан, Булоқбоши, Жалақудуқ ва Қўрғонтепада 8 тадан, Избосканда 22, Марҳаматда 19, Олтинкўлда 30, Пахтаободда 24, Улуғнорда 27, Хўжаободда 21, Шаҳрихонда 26 тани ташкил этади.

Вилоятда 2017 йилда 6 та, 2018 йилнинг шу давригача 14 та 7 қаватли уйлар фойдаланишга топширилган. Келгуси йилда яна 20 та шундай кўп қаватли уй-жойларни қуриб битказиш режалаштирилган. Шунингдек, Андижон шаҳридаги Мустақиллик маҳалласида оғир шароитда яшовчи 1500 хонадонга Боғишамол даҳасидаги Мустақилликнинг 27 йиллиги маҳалласида қурилаётган намунавий арзон уй-жойлар топшириш белгиланган.

Брифингда вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова, Андижон шаҳри ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев, тижорат банклари раҳбарлари уй-жойлар бериш тартиби тўғрисида зарур маълумот бердилар.

- Электр энергиясини ўчириш менга ҳам ҳавас эмас, - дея ўз муносабатини билдириб қўшимча қилди брифингдан сўнг Шуҳратбек Абдураҳмонов. – Қанийди йигирма тўрт соат ўчирмасдан ҳаммани электр ва газга бўлган талабини қондириб, сизларнинг раҳматингизни олсам. Юртбошимиз менга халқимизни рози қилиш вазифасини қўйган. Халқ қачон рози бўлади. Қачонки электр энергияси ўчмаса, гази, кўмири бўлса, ана шунда рози бўлади. Қарс икки қўлдан чиқади. Бу ёғини ҳам айтайлик. Халқимиз томонидан ҳам муаммолар бўлмоқда. Электр энергияси нима учун берилади? Хонадонни ёритиш, хўжалик, маиший техникалардан фойдаланишга. Инсоф нуқтаи назаридан гапирадиган бўлсак, аҳолининг 70 фоизи электрдан иситиш учун фойдаланади. Тартибли истеъмол қилинадиган бўлса, вилоят аҳолисини 24 соат давомида электр энергияси билан таъминлаш имконияти мавжуд.

«аuz.uz» онлайн гуруҳи.