Андижон 24

… ВИЛОЯТ ҲОКИМИ ҲАҚИДА АЙТАЁТГАН ГАПЛАРИМ УЧУН МЕН ҲАҚИМДА НИМА ДЕСА ДЕЯВЕРСИН…


26.06.2020   13560

Андижон вилоят телевидениеси орқали 25 июнь куни кечки кўрсатувлар вақтида намойиш этилган вилоят ҳокими Ш.Қ.Абдураҳмоновнинг коронавирус тарқалишининг олдини олиш мавзусида вилоят аҳлига қилган мурожаатини кўриб жуда таъсирландим. Қатъий айтишим мумкинки, шу мурожаати орқали вилоятимиз ҳокимининг инсон, раҳбар сифатида ҳозиргача билмаган янги қирраларини ўзим учун кашф этдим.

Аввало, менга жуда кучли таъсир қилгани, аввалги мурожаатлари таъсирини пасайтмаган ҳолда айтяпман - ўта самимият билан, куйиниб, чин кўнгилдан, қалб нидоси каби гапиргани бўлди. Шуҳрабек Қўшақбоевич худди ота ўз фарзандларига насихат қилаётгандек, уларни бугун бутун дунёни эгаллаб олган офатдан қандай қилиб бўлса ҳам сақлаб қолиш учун чуқур ўйлаб, изланиб, керакли сўзларни топиб фарзандларига таъсир қилишга, шу орқали уларни офатдан узоқроқ бўлишга чақираётгандек, ундаётгандек босиқлик билан, лекин ички безовталик тинчлик бермаётган инсон бўлиб гапирди. Мен ёш эмас, набира кўрган одам бўлсам ҳам, ҳар куни ниқобсиз кўчага чиқмаётган, бошқалар билан имкон даражасида қўл бериб саломлашмасликка ҳаракат қилаётган, умуман карантин талабларига амал қилаётган бўлсам ҳам ҳурматли ҳокимимизнинг сўзларидан ўзим учун кўп илм олдим. Сўзларини мулохаза қилиб, бундан буён кўп ижобий хулосалар қилишим аниқ.

Ўйлайманки, вилоятимиз раҳбарининг сўзларидан мен каби таъсирланган инсонлар жуда кўп. Улар ўзларининг кун давомидаги ҳаракатлари, карантин талабларига муносабати тўғрисида ўйлаб кўришади ва ушбу мурожаатнинг вилоятимиз аҳлига ижобий таъсири албатта сезилади.

Бошқалар вилоят ҳокими ҳақидаайтаётган гапларим учун мен ҳақимда нима деса деяверсин, хушомадгўйликка йўйсин, мурожаатни кўрмаганлар гапларимга ишонмасин, майли. Мен бутун вилоятимиз аҳолиси, шу жумладан менинг ўзим, оилам, фарзандларим, набираларим соғлиги, хотиржамлиги учун қайғураётган Шуҳратбек Қўшақбоевичга чин қалбимдан миннатдорчилик билдираман. Балким, Сизнинг мурожаатингиз таъсирида уларни ёки бегона бирор инсонни коронавирусдан сақлашга, ҳимоя қилишга сабабчи бўлиб қоларман. Меҳрибонлигингиз учун раҳмат Сизга, ҳурматли Шуҳратбек ака! Сизни, оила аъзоларингизни, вилоятимиз, Ўзбекистонимиз аҳолисини Яратган Эгам ўз панохида асрасин, илоҳим!

Усмонжон Аҳмедов

Олтинкўл тумани, “Далварзин” маҳалласи.