Андижон 24

ВИЛОЯТ ҲОКИМИ ЭРТА ТОНГДА ЭСКИ ШАҲАР ҲУДУДИДАГИ МАРКАЗИЙ ДЕҲҚОН БОЗОРИДА БЎЛДИ


21.08.2019   17120

21 август, чоршанба куни, вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов “Ҳоким билан бир кун” лойиҳаси доирасида халқ билан мулоқот қилиш ҳамда уларнинг кайфиятини ўрганиш мақсадида Андижон шаҳридаги Марказий деҳқон бозорига ташриф буюрди. Бу ҳақда вилоят бозорлар ва савдо комплекслари уюшмаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Вилоят раҳбари бу ерда олиб борилаётган ишларни кузатиш билан бирга байрам муносабати билан ташкил этилган арзонлаштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдо ярмаркасини кўздан кечирди. Уларда сотилаётган мева-сабзавотлар, гўшт, балиқ ва бошқа маҳсулотларнинг нархларига эътибор қаратиб, сотув ва ҳаридорлар билан суҳбатлашди.

“Одамларнинг кундалик эҳтиёжига зарур бўлган маҳсулотларнинг таннарҳи тобора кўтарилиб кетмоқда. Бир кило гўштни одамлар 40-45 минг сўмдан сотиб олмоқда. Бунга ҳар кимнинг ҳам қурби етмайди. Байрам яқинлашаяпти нима қилишимиз керак? Ана шуларни инобатга олиб шаҳарнинг 16 та, шунингдек туманлар марказларида мана шундай ярмаркаларни ташкил этди. Гўштнинг нархини стандарт равишда 35 минг сўм қилиб қўйдик, ҳамма хурсанд. Биз халқнинг розилигини олсак бўлди,” - деди учрашувда вилоят ҳокими.