Андижон 24

ВЕЛОСИПЕД МИНГАН ШИФОКОР


20.10.2020   1195

Бомдод намозидан сўнг қуёш аста секин борлиққа нур соча бошлаётган пайт. Мусаффо ҳаво ва майин ел оғушида бораётган Одилжон ўзини ёш йигитлардек ҳис қилиб, велосипедини аста ҳайдаб борарди. Бугун нонушта дастурхонига қараса, ўзи ёқтирган нарсалардан бодом, писта, ёнғоқ мағизи охирлаб қолган экан, бу нарсаларни харид қилиш мақсадида бозор томон йўл солди. Олмоқчи бўлган нарсаларнинг ҳар бири табиий стимулятор. Буни қирқ йиллик шифокорлик фаолиятида ўқиб, ўрганиб тажрибада синаган.

Ёнғоқ мағизи мияга, бодом жигарга, писта буйракка, майиз эса қон айланишига ёрдам беради. Витаминга бой неъматларнинг кўриниши ҳам шу тана аъзоларига ўхшашлигига киши ҳайрон қолади. Одилжон етмиш ёшни қоралаб қўйганига қарамай ўзини тетик ва бардам ҳис қилар эди.

Ҳар куни эрталаб велосипедда беш-олти километр масофани босиб ўтишни ўзига одат қилиб олган. Буни кўрган айримлар қилдан қийиқахтаришга уринадилар.

Мана бу сафар ҳам муюлишда тенгқурдўстларига рўбарў бўлди. Одилжон уларнинг олдига келиб велосипеддан тушди-да, салом-алик қилиб, ҳол-аҳвол сўради. Дўстларидан бири савол ташлади.

Ҳа, Одилжон. Бу дейман кунингиз шу икки ғилдиракка қолдими? Эшак минган афандига ўхшаб, - деди мийиғида кулиб.

Ёки машина ҳайдаш гувоҳномасини олдириб қўйдингизми? - деди яна бири.

Эй, нималар деяпсиз, биродар? Бу жўрамнинг уч ўғлида уч хил машина борку, шундайми, Одилжон? – деб ҳасад маъносида қўшимчалади учинчиси.

Бу гап-сўзлар Одилжоннинг таъбини ҳира қилсада, дўстона маслаҳат берди.

Биродарлар, минг шукурки, мана сизлар билан кўришиб гаплашиб турибмиз. Агар мен машинада бўлганимда сизларга рўбарў келмас эдим. Пиёда юрсам қўшниларим ёки танишларимдан бирортаси машинасига ўтказиб уйимга олиб келиб қўярди. Велосипеддаги сайр саломатликка кони фойда! Буни шифокор сифатида ҳам айтаман.

Ўтирганлар бу гапларнинг маъносини чақиб, ҳаётий ҳақиқат эканлигини англаб етгандек, бир-бирларига қараб қўйишди. Дилида эса“Эртадан бошлаб мен ҳам велосипед минганим бўлсин”, дея ният қилдилар.

Дилшодбек

Ҳожиматов.