Андижон 24

ВАЗИЯТ ЖИЛОВЛАНАДИ, ҚАЧОНКИ ҚАЪИЙ ИНТИЗОМ ВА МАТОНАТ БИЛАН МЕҲНАТ ҚИЛСАК


16.07.2020   3695

Вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмоновнинг андижонликларга мурожаати

Республика махсус комиссиясининг қарорига асосан республикамизда 10 июлдан 1 августга қадар карантин чоралари кучайтирилиши муносабати билан жойлардаги санитария-эпидемиология вазияти юзасидан Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳманов вилоят телевидениеси орқали аҳолига мурожаат қилди.

Пресс-конференция шаклидаги мурожаатда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан берилган топшириқлар, вилоятдаги коронавирус инфекцияси билан боғлиқ ҳолат, кўрилаётган чора-тадбирлар, бажарилиши лозим бўлган ишлар юзасидан атрофлича маълумот берилди.

Вилоят раҳбари таъкидладики, пандемиянинг 16 мартдан эълон қилинган дастлабки босқичида ёппасига чекловлар жорий қилиниши, қатъий назорат ўрнатилганлиги сабабли касалланиш борасида юқори статистика қайд этилмаган эди. Ҳозирда эса эҳтиёт чоралари билан бир қаторда саноат, ишлаб чиқвариш ва бошқа тармоқлар фаолиятини тўхтатмаслик талаб қилинмоқда, зеро ҳаёт давом этиши керак. Биз янги шароитда яшашга кўникишимиз зарур, негаки вирус қачон барҳам топишини ҳеч ким таҳминлай олмайди. Касалликка қарши дори воситаси ҳам ихтиро қилинмаган.

Афсуски, сўнгги 15 кунда вазият кескинлашди. Ижтимоий тармоқларда турли асосланмаган хабарлар, ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар тарқатилиши натижасида аҳоли ўртасида гап-сўзлар кўпайди. Шу нуқтаи назардан фуқароларимиз ахборотни ишончли манбалардан: вилоят ҳокимлигининг сайти, Андижон вилояти телерадиокомпанияси орқали олишлари мақсадга мувофиқ.

Шу ўринда вилоят ҳокими сўнгги 4 ойда қайд этилган рақамларни тақдим этди. Жумладан, 16 мартдан бошлаб вилоятда 585 нафар бемор аниқланди. Шундан 350 нафари бошқа вилоятларда яшовчи Ўзбекистон фуқароларидир. Боиси улар“Дўстлик” божхона-чегара пости орқали қабул қилиб олиниб, вилоятда карантин ва даволаш муолажаларини ўтаганлар. 323 нафар бемор, яъни 55 фоизи буткул соғайди. Қолган 262 нафари даволанмоқда. Шу жумладан, 105 нафари вилоят юқумли касалликлар шифохонасида, 1 нафари туғруқ комплексида, 156 нафари эса уй шароитида. Охирги рақамга изоҳ берар экан, вилоят ҳокими республика махсус комиссияси қарорига кўра енгил шаклдаги касалларни шу тартибда даволаш белгиланганини айтиб ўтди.

Айни вақтда уларга стационар шаклда даволанаётган беморларга кўрсатилаётган тиббий хизмат даражасида эътибор қаратилаётганини билдирди. Жумладан, мобиль тиббиёт гуруҳлари ташкил этилиб, хонадонларга бириктирилган. Хонадонлар олдида миллий гвардия ходимларидан иборат постлар ташкил қилинди.

Хасталанганларнинг тўртта тоифаси мавжуд: ўта оғир, оғир, ўрта оғир ва қониқарли. 262 нафар бемордан 2 нафари оғир, 8 нафари ўрта оғир ҳолатда, қолганлари қониқарли.

Дори воситаларининг тақчиллиги юзага келди, деган ноўрин хабарларга жавобан вилоят ҳокими қуйидагича жавоб берди. Мутахассислар фикрига кўра ҳар қандай юқумли касалликни даволашда 49 турдаги дори-дармон, тиббий воситадан фойдаланилади. Вилоятда бундай воситаларнинг 3 ойлик заҳираси яратилган.

Яна бир муҳим масала - дорихоналар фаолияти. Вилоятда 1200 га яқин дорихона мавжуд. Афсуски, вазиятдан ўз манфаати йўлида фойлдаланаётган тадбиркорлар ҳам йўқ эмас. Мисол учун Андижон шаҳридаги “Мансурбек”, “Асл фарм”, “Фарруҳ фарм” каби саккизта МЧЖга қарашли дорихоналарда нарх ошириб юборилгани аниқланган. Бундайларга нисбатан тегишли чоралар кўрилиб, дорихоналар қатъий назоратга олинди. Шу ўринда зарур воситаларга эҳтиёж тўлиқ қопланишига алоҳида эътибор қаратилди. Вилоятда фаолият кўрсатаётган “Макрофарм” ва “Гранд фарм” корхоналарида зарур миқдордаги дори воситалари яратилган.

Вирус тарқалиши динамикасининг ҳисобини юритиш учун бир қатор чоралар кўрилди. Хусусан, дорихоналарга иситма ва нафас йўллари хасталигига қарши восита сўраб мурожаат қилганлар тўғрисидаги маълумотларни тиббиёт муассасалрига етказиш топширилди. Иситма асосан кечки маҳал кузатилади. Бундай ҳолларда аҳоли ўз ҳудудида яшовчи врач ёки ҳамширага мурожаат қилади. Шу хусусдаги маълумотлар ҳам маҳалла раислари орқали жамланади.

Тиббиёт ходимларининг халол меҳнатларини эътироф этар экан, вилоят ҳокими барча тиббиёт муассасалари 24 соатли иш тартибига ўтказилганини маълум қилди.

Матбуот анжуманида “Тез тиббий ёрдам” хизмати бўйича ҳам бир қатор саволлар кўтарилди. Кўчаларга қўйилган блок-постлар сабабли чақирувга кечикиш, автомашиналар ва ходимлар етишмаслиги кабилар шулар жумласидандир.

Вилоят ҳокими бу борада зарур маблағ ва моддий ресурслар ажратилишини таъкидлади. Бунга қадар 500 та тиббиёт муассасасига қўшимча равишда мобиль телефон аппаратлари берилган бўлиб, вирус юқтириб олганларни элтишга 19 та автомашинаажратилганди. Яна 16 та янги тез тиббий ёрдам автомашиналари олиб келинишини маълум қилди. Тез тиббий ёрдам хизмати машиналари учун постлардан ўтиш тартиби кўзда тутилади.

“Шу ўринда аҳолидан заруратсиз ҳолларда “Тез ёрдам” чақирмасликни сўрайман. Зеро, ҳақиқатан ёрдамга муҳтожлар четда қолиб кетмасин”, деди вилоят раҳбари. Шунингдек, Президент топшириғи билан Андижонда 10 минг кишига мўлжалланган заҳира жойлар ҳозирлангани айтилди.

Озиқ-овқат маҳсулотлари, уларнинг нарх-навоси ҳам диқққат марказдаги масала. Баҳордан буён экин тикин майдони бўлганки деҳқонлар, томорқа эгалари, хонадон соҳиблари меҳнатлари эвазига бугун бозорларимиз тўкин. Икки-уч марта хосил оладиган миришкорлар ҳисобига расталарда ноз-неъматлар етарли. Эртанги кун, қиш-баҳор палласи учун заҳира яратиш мақсадида музлатгичлар қурилмоқда.

“Озиқ-овқатлар тақчиллиги кузатилса – маҳсулот етказиб берамиз, нарх-наво асоссиз оширилса – жазо чоралари кўрамиз”, деди вилоят ҳокими.

Карантин талабларидаги ўзгаришлар хусусида тўхталар экан, Ш.Абдураҳмонов ҳокимларга ўз ҳудудларидаги вазиятга қараб иш кўриш ваколати берилганини айтди: “Тушунинглар, мақсад фаолиятни чеклаш эмас, балки карантин талаблари асосида ишни тўхтатмаслик, фаолиятни сусайтирмаслик. 20 кунда ижобий натижа қайд этсак, буюм бозорлари, масжидлар, ошхоналар ва бошқа объектлар фаолияти қайта тикланади”.

Сектор раҳбарлари ҳар куни икки маҳал эпидемиологик вазиятни таҳлил қилиб, зарур чораларни амалга оширишлари зарурлигини уқтирди.

Матбуот конференцияси асносида вилоят ҳокими тиббиёт, ҳуқуқ-тартибот, миллий гвардия ходимларига ўз миннатдорлигини билдирди.Шунингдек, барча аҳолига юксак ишончини айтиб, қаътий интизом ва матонат билан меҳнат қилишга чақирди.

«auz.uz» online гуруҳи.