Андижон 24

ЎЗИНГИЗНИ ВА ЎЗГАЛАРНИ АСРАНГ


13.06.2021   2426

Нега СОVID -19 билан касалланган беморлар шифокор назоратида бўлиши керак?

Чунки инфекция ҳеч қандай белгиларни намоён этмаса-да,барча органларни зарарлайди.

ЮРАК

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, коронавирус билан оғриган беморларнинг 50 фоизида юрак билан боғлиқ муаммолар учраяпти. Биринчи навбатда, бу аритмия, ўткир ва сурункали юрак етишмовчилиги.

– СОVID -19 дан сўнг юрак мушакларининг шамоллаши билан боғлиқ – миокардитга кўпроқ дуч келинмоқда, – дейди республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Андижон филиали бош шифокори вазифасини бажарувчи Наргиза Идрисова.- Бу асоратлар коронавируснинг енгил турида ҳам куза-тиляпти. Миокардитнинг асосий белгилари - ҳолсизлик, юрак соҳасида(дорилар қабул қилса ҳам ўтиб кетмайдиган) оғриқлар, тинч ҳолатда ҳансираш, йўтал ва бош айланиши, оёқларда шишлар.Ташхисни аниқлаш учун электрокардиограмма, ЭХО кардиограмма, юрак соҳасиМРТ анализлари зарур. Миокардит шамоллашга қарши дорилар ва интерферонларбилан даволанади.

Бу дарддан тўлиқ халос бўлиш учун ётоқ режими зарур. Агар даволаш охирига етказилмаса, у сурункали юрак етишмовчилиги хасталигига айланиши мумкин.

ДИАБЕТ

- СОVID -19 қанд касаллигини келтириб чиқариши мумкин, - дейди вилоят эндокринология диспанцери бош шифокори Зафарбек Хатамов. - Маълумки, 1-тип диабет хасталиги болаларда қизамиқ, қизилча, бўғма билан оғриганидан сўнг келиб чиқади. Бу касалликлар иммун тизимига ҳужум қилиб, бета ҳужайраларини ўлдиради.Бу эса организмдаинсулин ишлаб чиқаришни издан чиқишига олиб келади. Бундай ҳолатлар коронавирусдан кейин ҳам кузатилган. СОVID-19 дан сўнг1-типдаги диабет бу хасталиккаирсий мойил кишиларда кўпроқ учрамоқда.

Агар сизни ҳолсизлик, тез чарчаш, чанқаш, вазнингизнинг тез тушиши, жароҳатларнинг секин битиши, кўриш қобилиятининг сусайиши, тери ва сийдик йўлларининг инфекциялари безовта қилса, эндокринолог шифокор маслаҳатига шошилинг.

ТРОМБЛАР. СОVID-19 нинг энг кўп тарқалган асоратларидан бири гиперкоагуляция (тромбларнинг ҳосил бўлиши).

– Бу организмда кучли шамоллаш жараёни натижасида келиб чиқади, – дея тушунча беради Булоқбоши тумани, Найман қишлоғидаги оилавий поликлиника бош шифокори Мамашариф Абдукаримов. – Коронавирусдан сўнг кўплаб органларда қон билан таъминланиш ёмонлашади. Тромбларнинг юқори ривожланиши аксарият катта ёшли одамларда, онкологик касаллик билан оғриганларда, қон тизимида бузилишлар бўлган беморларда юз беради. Бундай кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш учун антикоагулянтлар қилинади. Беморларга енгил жисмоний ҳаракатлар, дам олиш, кўпроқ суюқлик ичиш, дармондориларга бой таомлар истеъмол қилиш буюрилади.

ЎПКА

– Коронавирус ўпкада фиброз ўзгаришларни келтиради. Йўтал, ҳансираш 1,5-3 ойгача давом этиши мумкин, – дейди вилоят кўптармоқли тиббиёт марказининг пульмонологи Муҳаммаджон Ҳасанов. – Соҳа мутахассисларининг таъкидлашича,организм инфекция билан ўзи ҳам курашиши мумкин. Чекишни ташлаш, нафас машқлари, массаж шамоллашдан қутулишга ёрдам беради.

АСАБЛАР

Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, коронавирус билан оғриган беморларнинг хотираси, диққати сусаяди. Уйқусизлик безовта қилади. Кайфиятнинг тушиб кетиши кузатилади, – дейди вилоят психоневрология диспансери психотерапевти Шавкат Исламов. – Бу вируснинг мия ва асаб тизимини нейротоксик зарарланишига боғлиқ. Бу хасталикларни муайян даволаш усули йўқ, асосан, тоза ҳавода сайр, яхши уйқу, тартибли овқатланиш, яхши кайфият билан даволанади. Хотирани яхшилаш, диққатни кучайтириш учун машқлар бажарилади.

Саломатлигингиз учун қайғуринг, ўзингизни ва ўзгаларнинг ҳаётини асранг.

Ш. ИМАНКУЛОВА.

Мақола Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти асосида "Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, аввало, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига амал қилинишини таъминлаш демакдир"лойиҳаси асосида тайёрланди.