Андижон 24

Ўзимизнинг пахтамиздан ўзимиз тола тайёрлаймиз, - дейишмоқда фермерлар


01.03.2018   1395

Давлатимиз раҳбарининг "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили"да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида"ги Фармонида аграр соҳани тубдан ислоҳ қилиш вазифаси қўйилган.

Бугунги кунда вилоятимизда 15 мингга яқин фермер хўжалиги фаолият юритяпти. Уларнинг салкам 5 ярим мингтаси кўп тармоқлига айлантирилди. Бу, жами фермер хўжаликларининг 38 фоизи, демакдир. Кўп тармоқли фермер хўжаликлари эндиликда хом ашё етиштириш билан чекланиб қолмасдан, замонавий технологиялар ёрдамида тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштирмоқдалар. Шунингдек, уларда транспорт, техник ва маиший хизмат кўрсатиш каби қўшимча йўналишлар йўлга қўйилиб, қишлоқ аҳолисининг бандлигини таъминлашга ҳисса қўшмоқда. Бу эса даромадни ошириш манбаи демакдир.

Президентимиз ўтган йили июнь ойида вилоятимизга ташрифи чоғида қишлоқ хўжалиги ходимлари, фермерлар билан учрашиб, имкониятлардан оқилона фойдаланиш, кўпроқ даромад келтирадиган тармоқларга қўл уриш, ташқи бозорга харидоргир маҳсулот етиштириш ҳақида йўл-йўриқлар берди. Қишлоқ хўжалигини модернизациялаш, экин майдонларини оптималлаштириш вилоятимиз учун ниҳоятда зарурдир. 2016-2020 йилларда соҳани янада ривожлантириш дастурига асосан, ҳосилдорлиги паст бўлган 11,2 минг гектар пахта, 4 минг гектар ғалла экин майдонлари қисқартирилиб, улар ўрнига мева-сабзавот, полиз ва дуккакли экинларни жойлаштириш ҳамда замонавий интенсив боғ ва токзорлар барпо этиш кўзда тутилди. Кейинги икки йил мобайнида пахта майдонлари ҳисобидан қисқартирилган 4,2 минг гектар ҳамда 8 минг гектар ғалла майдонлари ўрнига 624,4 гектарга картошка, 1 минг 753,2 гектарга сабзавот, шунингдек, озуқа, мойли экинлар экилди. Салкам 519 гектар интенсив боғ ва 130,2 гектар токзор фермер хўжаликлари кесимида жойлаштирилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 25 январдаги "Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришини ташкил этишнинг замонавий шаклларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида фермер хўжаликлари билан тўқимачилик саноати корхоналари ўртасида бозор муносабатларини шакллантиришнинг замонавий усулларини жорий қилиш вазифаси қўйилди. Энди пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ташкилотчилари ҳосилдорликни оширишга, хом ашёни ўз вақтида йиғиб-териб олинишига кўмаклашадилар. Улар лизинг асосида техника харид қилиш, зарур воситалар ва ресурслар бўйича фермер хўжаликлари учун назарда тутилган тартибдан фойдаланадилар. Пахта толасининг эҳтиёждан ошадиган ҳажмлари тўғридан-тўғри контрактлар ёки биржа савдолари орқали сотилади. Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг давлат хариди ва қишлоқ хўжалигини техника билан жиҳозлашни мақсадли молиялаштириш жамғармаси ташкил этилди. Кредитлар ажратиш ва молиявий таъминот масалалари жамғарма зиммасига юклатилган.

Пахта хом ашёсини етиштириш ва етказиб беришга доир қўшимча харажатлар ҳамда фермер хўжаликлари учун техника харид қилиш харажатлари пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариш ташкилотчилари томонидан ўз маблағлари ёки экспорт контрактлари кафолати остида ажратиладиган кредитлар ҳисобидан молиялаштирилиши мумкин.

Вилоятимизда Қўрғонтепа туманининг 9 минг 225 гектар ер майдонида деҳқончилик қилаётган фермер хўжаликлари "Хантекс" МЧЖ билан ҳамкорлик қиладилар. Уларга "Ўзмиллийбанк" хизмат кўрсатади. Балиқчи тумани фермерлари 10 минг 400 гектар ерда етиштириладиган пахта ҳосилини "Digital Prime Textile" МЧЖга етказиб берадилар ҳамда "Ўзсаноатқурилишбанк" хизмат кўрсатиши белгиланган.

"Ўзпахтасаноат" АЖ пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ташкилотчилари билан хом ашё етиштириш бўйича контрактация шартномаси тузган фермер хўжаликларига белгиланган тартибда тасдиқланган навлар ҳамда ҳажмлар бўйича чигит етказиб берилишини таъминлайди.

"Кластер" атамаси билан юритилаётган бундай ҳамкорлик келгусида барча туманларда кенг татбиқ этилиши мўлжалланган.

Халқимизни боқадиган, кийинтирадиган қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, соҳа самарадорлигини ошириш учун барча даражадаги раҳбарлар, айниқса, туманлардаги тўртта сектор раҳбарлари, маҳаллий кенгашлар депутатлари, сенаторлар, ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари билан ҳамкору ҳамнафас бўлиб ҳаракат қилиши тақозо этилаётир.

Абдурауф

АБДУЛЛАЕВ,

халқ депутатлари вилоят Кенгаши

Аграр, сув хўжалиги масалалари ва

экология доимий комиссиясининг раиси.