Бугуннинг гапи

ЎЗГАЧА КАЙФИЯТ БИЛАН


04.09.2019   111

Андижон шаҳридаги 40-умумий ўрта таълим мактабида бу йил 70 нафар бола биринчи синфга қабул қилинди. Уларнинг 20 нафари янги ташкил этилган рус тилига ихтисослаштирилган синфда таҳсил олади. Барчасига Президент совғалари топширилди.

– Қарийб 27 йилдан буён бошланғич синфларда сабоқ бераман, – дейди Султоной Қосимова. – Янги ўқув йилини ўзгача кайфият билан бошладим. Юртбошимизнинг бизга бўлган эътибори, устозларнинг нуфузини ошириш бўйича айтган гаплари руҳиятимни кўтарди. Болажонларни Ватанга муносиб фарзандлар қилиб тарбиялашда бор билим ва тажрибамни ишга соламан.

Мактабда ўқувчиларни ақлан ва жисмонан соғлом камолга етишишлари йўлида янгиликлар жадал ҳаётга жорий этилмоқда. Маскан ва хоналарда назоратни кучайтириш мақсадида 21 та видеокузатув мосламалари ўрнатилди. Мобил алоқа воситасини олиб кириш чекланди. Радиоалоқа мосламаси орқали боғланиш имконияти яратилди.

Ўқувчилар ва ўқитувчиларнинг кундалик ҳаёт билан яқиндан танишиб бориши учун синфхоналарига телевизорлар ўрнатилди. Кутубхона интернет тармоғига уланди. Бу, янада кўпроқ маълумот олиш, ўз устида ишлаш, замонавий технологиялардан самарали фойдаланиш имкониятларини оширади.

О. Деҳқонова.

Суратда: синф раҳбари Султоной Қоси-мова ўқувчиларга илк дарсни ўтмоқда.