Андижон 24

ЎЗБЕКИСТОНДАН ҚИРҒИЗИСТОНГА ГУМАНИТАР ЁРДАМ


01.04.2020   2069

Темир йўл вагонларига ортилган гуманитар ёрдам Қўрғонепа туманининг Савай станциясидан Ўшга йўл олди.

Унинг таркибида минг тонна ун, коронавирусга қарши индивидуал ҳимоя воситалари, тиббий ниқоблар ва қўлқоплар, тест системалари ва бошқа маҳсулотлар бор.

Дўстона мурувват ёрдами Андижон вилояти ҳокимлиги, Фавқулотда вазиятлар вазирлиги ва Ўзбекистондаги фармацевтика компаниялар томонидан ташкил этилди.

Айтиш жоизки, бундан бир неча йил аввал давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан яқин қўшничилик муносабатларининг йўлга қўйилиши, айниқса андижонликлар учун тарихий воқеага айланди. Икки давлат ўртасидаги дипломатик алоқалар гарчи 1993 йилнинг 16 февралида ўрнатилган бўлсада, азалий борди-келдилар 2017 йилдан тикланди.

Қирғизистонда бир миллиондан ортиқ ўзбеклар бўлса, Ўзбекистонда қирғиз миллатига мансуб 300 минг фуқароларимиз яшамоқда. Шуларнинг учдан бири - Андижонда исиқомат қилади. Таълим қирғиз тилида олиб бориладиган 90 та мактаб бор. Уларга кадрлар етказиб беришда Андижон давлат университети қирғиз филологияси бўлими алоҳида ўрин тутади.

Президентимиз топшиириға кўра 2018 йилда Ўш шаҳрида ўзбек қурувчилари томонидан ўрта мактаб бунёд этилган эди. Алишер Навоий номидаги мазкур мактаб дўстона муносабатларнинг тимсолига айланган.

Бугунги гуманитар ёрдам ҳам яқин қўшниларга хос тарзда амалга оширилди.