ЖАМИЯТ

ЎЗБЕКИСТОНДА ЎҚИТУВЧИГА ЎРНАТИЛГАН ЯГОНА ҲАЙКАЛГА САБАБ БЎЛГАН ШЕЪР


20.10.2020   7839

Биз устозларни, айниқса, ўқитувчиларни қанчалар мадҳ этмайлик, уларнинг шаънига ашъорлар битмайлик, барибир камлик қилади. Улар шу қадар фидойи, Ватанпарвар, ўз касбини севувчи инсонларки, ҳатто республикамиз Мустақиллигининг илк йилларида ҳукм сурган бозор иқтисодиёти даврида ҳам, гарчи, ойлик маошлари кам бўлса-да, мактабни тарк этмадилар. Эсимда, тушликкача ўқувчиларга сабоқ берган айрим устозларимиз, тушдан сўнг бозорда картошка, пиёз сотиб кун кўрардилар. Аёл ўқитувчиларимиз орасида пирожки, салат сотишни ўрганган, шу тариқа оиладаги кам-кўстни бутлаган, рўзғордаги камчиликларни енгиб ўтганлар кўп бўлган. Шунда ҳам нолимадилар. Устозлик шаънини сақлаб қолдилар.

Вақтлар келди, унинг юзига тик қарашни ўргандилар, танбеҳ берса тасвирга олиб, ижтимоий тармоққа жойладилар. Боласини койиса отаси келиб узр сўрашга мажбур қилди. Бошига не синоат келмасин у ўқитувчилигича қолди. Касбига хиёнат қилмади. Эгилган бошини илм даргоҳида тик тутганча, болаларга дарс ўтишда давом этди. Биз эса буёқда ҳар қанча қилғилиқни қилсак-да, эл кўзига мадҳига қўшиқ куйлашда давом этдик. Номини шарафладик, улуғладик, отамиздек улуғ зотга айлантирдик. Фақат номини...

Тилимизда айтганларимиз дилимизда ҳам бўлганида эди ҳар бир шаҳарда, ҳар бир хиёбонда, ҳар бир мактабда унга ҳайкал қўйган бўлардик. Дарвоқе, республикамиз бўйлаб ўқитувчига атиги бир дона ҳайкал ўрнатилганидан хабарингиз борми? Бу ҳайкал ҳам унга бўлган чексиз эҳтиром эмас, балки, шаънига атаб битилган шеър таъсирида юзага келганидан-чи? Майли, устозлар шаъни ҳақида бошқа сафар фикр юритсак-да, келинг, айни дамда ўша ҳайкал ҳақида билганларимизни етказайлик.

Хуллас, Қорақалпоғистон Республикасининг Элликқалъа туманида ўзбек халқининг атоқли ҳофизи Отажон Худойшукуровнинг хотирасига бағишланган тадбир бўлаётган дам экан. Хоразмлик шоир Матназар Абдулҳакимга сўз берилади. Ҳамма ундан ҳофизга атаб ёзилган шеърни кутади. Бироқ, у «Дарсдан сўнг» номли шеърни ўқийди. У ўқитувчи ҳақида бўлиб, ишдан уйига кеч қолган муаллима қир оша қишлоғига кетиш чоғида қашқирга дуч келгани, уни қўрқитиш учун дафтарларни бир-бир ёқиб тугатгани, қишлоққа бир бахя қолганда қашқирга ем бўлгани баён этилган.

Шеърни қунт билан тинглаган туман ҳокими кўзига ёш олади. Шу заҳоти туманда ўқитувчига ҳайкал ўрнатишга буйруқ беради.

Сўзим сўнггида Матназар Абдулҳакимнинг инсон қалбини ларзага солган ўша шеърни ҳавола этсам.

Дарсдан сўнг

Кимнидир койиди чеккани учун,

Тортиб олиб қўйди гугуртини ҳам.

Машқ дафтарларини йиғди-да, сўнгра

Бир-бир санаб кўрди. Етти дафтар кам.

“Ҳар гал шундай аҳвол. Уялмайсизми?

Келасиз ўқишмас, қилиш учун сайр.

Бу сафар ҳам «Икки» қўймай тураман,

Эртага қолганлар топширсин. Хайр”

Қиш куни – бир тутам. Қорайганди қош,

Иккиланди. Ўтмак керак, ахир, қирдан.

Эри ҳам келмади олиб кетишга

«Кўнгли совидими...»-ваҳм этди бирдан.

Ҳамкасб дугонаси қистовга тутиб,

«Тунаб кетинг,-деди.-Кеч бўлиб қолди».

Кўнмади. Қўлтиқлаб машқ дафтарларни

Уйга ёлғиз ўзи яёв йўл олди.

Овул тугаб, энди қирга чиққанда

Оқшом қуюқ эди, атроф сим-сиёҳ.

Йўлдан қайтмоқчи ҳам бўлди бир ўйи,

«Ўғлим хасталаниб қолдимикин ё?..»

Юрагини баттар ваҳима босди,

Қамради тундан ҳам баттар бир қўрқув.

Ўнқирми, чўнқирми, ўрми, қир демай

Яна кетаверди, кетаверди у.

Мудҳиш бир шарпани илғади ногоҳ,

Разм солса қашқир. Қиларди таъқиб,

Эслади йиртқичнинг қўрқишин ўтдан,

Изига бир дафтар ташлади ёқиб.

Қашқир тўхтаб қолди. Сўнг – яна, яна,

Муаллима омон топган бу олов

Йиртқичга берарди иложсиз сабр.

Йўловчи –ёқарди, қашқир-тўхтарди,

Тин оларди икков ҳар дафтарда бир.

Йўл узоқ, тун қаро, қашқир эса оч,

Оч йиртқич биларми надир садоқат.

Уйга яқин қолган вақтда тугади

Муаллимда дафтар, қашқирда – тоқат.

Уввос фиғон тутди қишлоқни тонгда,

Замин аза очди, замон йиғлади.

Дафтар топширмаган етти ўқувчи

Ҳаммадан ҳам ёмон йиғлади.

Нўноқ назмим учун авф эт, халқим,

На олим, на фозил, на сўз пириман.

Ўз вақтида дафтар топшира олмай

Қолган болаларнинг бириман.

Мен яхши биламан, тумор қилмайди

Ёзган шеърларимни ошиқлар.

Мен яхши биламан, қўшиқларим жўн,

Биламан, булар бир оддий машқлар.

Лекин... кетмакдасан келажак сари

Тап тортмай қисматнинг дашт, қирларидан.

Ўзимча асрагим келади сени

Ёвузлик, хиёнат қашқирларидан.

Мен машқ бажараман, ёзаман ҳар кун

Дараклар, сўроқлар, хитобларимни.

...Сен йўл бўйи ёқиб кетавер

Қашқирлар қўрқувчи китобларимни.

Саминжон ҲУСАНОВ,
«Халқ сўзи»