Андижон 24

Ўзбекистонда сержантлар тайёрлаш мактаблари фаолияти тугатилди


13.03.2018   1334

Чирчиқ, Самарқанд, Қарши, Урганч, Наманган шаҳарларида жойлашган Мудофаа вазирлиги тизимидаги сержантлар тайёрлаш мактаблари ўз фаолиятини тўхтатди. Бу ҳақда Kun.uz’га мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

2001 йилда ташкил этилган ҳамда 3 ва 9 ойлик ўқув курсларидан иборат бўлган сержантлар тайёрлаш мактаблари фаолияти 26 йўналиш бўйича кичик командирларни тайёрлаш ва малакасини оширишга йўналтирилган эди.

Қуролли Кучларимиз суянчи ва таянчига айланган сержантлар таркиби энди Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик билим юрти ўрнида ташкил этилган Самарқанд шаҳридаги кичик мутахассисларни тайёрлаш марказида тайёрланади.

Мазкур таълим муассасасида 6 ой давомида 11 йўналиш, яъни: муҳандислик, автомобиль хизмати, радиацион, кимёвий ва биологик ҳимоя, алоқа, фронторти таъминоти, зирҳли техникаларга хизмат кўрсатиш, артиллерия ва қуруқликдаги қўшинларнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа бўлинмалари, радиоэлектрон разведка каби йўналишлар бўйича кичик мутахассислар тайёрланади. Таълим якунида ҳарбий хизматчиларга кичик сержант унвони берилади.

Марказнинг 3 ойлик қайта тайёрлов ўқув курсларини муваффақиятли тамомлаган ҳарбий хизматчиларга эса сержант ва катта сержант унвонлари берилади.