Бугуннинг гапи

ЎЗБЕКИСТОНДА РОССИЯ ВА ХИТОЙ ВАКЦИНАЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ ЖАРАЁНИ ҚАНДАЙ ТАШКИЛЛАШТИРИЛМОҚДА?


19.01.2021   1247

Ҳозирда Ўзбекистонга қайси вакциналар келтирилган? Улардан фойдаланиш жараёнлари қандай кетмоқда?

Уларнинг яроқлилиги, хавфсизлиги ва сифати юзасидан лаборатор текширишларнинг бориши ҳақида Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари – Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиев ССВ Матбуот хизматига маълумот берди.

— Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Россия Федерациянинг тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси билан “Sputnik V” вакцинаси бўйича мунтазам мулоқотлар амалга оширмоқда.

Мазкур жамғарманинг масъул ходимлари ушбу масалада Ўзбекистонга ташриф буюриб, 100 доза вакцинасини олиб келишди. Ушбу вакцина -20 ℃ ҳароратда сақланишни талаб этади. Вакцина 3 мл флаконда 5 дозадан қадоқланган бўлиб, бир нафар фуқарога 0,5 мл миқдорида эмлаш тавсия этилган.

Бугунги кунда ушбу вакцинанинг Россия Федерациясида 12 минг нафар кўнгиллида ўтказилган 3-клиник синов босқичлари натижалари бўйича маълумотлар маҳаллий мутахассислар томонидан ўрганилмоқда. Шунингдек, 25 минг нафар кўнгиллида ўтказилган синовлар натижалари тўғрисида маълумотлар Россия Федерацияси томонидан тақдим этилиши кутилмоқда.

“Sputnik V” вакцинасини юртимизга олиб келиниши, рўйхатдан ўтказилиши, эмлаш жараёнига тайёргарлик кўриш, тиббиёт ходимларни ўқитиш, вакцинацияни бошлаш тадбирларини ўз ичига қамраб олган йўл харитаси ишлаб чиқилган бўлиб, уларни ҳамкорликда амалга оширилишини инобатга олган ҳолда имзолаш учун Россия Федерациясига юборилган.

Ҳозирда ушбу вакцинанинг яроқлилиги, хавфсизлиги ва сифати юзасидан лаборатор текширишларини ўтказиш мақсадида Россия Федерациясининг ишлаб чиқарувчиларидан махсус текширув тестлари ва реагентлар сўралган. Ушбу реагентлар ва тестлар келгандан сўнг, қисқа муддат ичида текширувлар ўтказилиб, вакцина яроқлилиги ва хавфсизлиги тўғрисида ҳужжат тақдим этилади ва уни республикамизда ишлатиш мумкинлиги тўғрисида хулоса қилинади.

Бир вақтнинг ўзида “Sputnik V” вакцинасини тезкор сертификациялаш масаласи устида ишланмоқда ва Ўзбекистонда вакцина ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича ҳам музокаралар олиб борилмоқда.

Шунингдек, Баҳодир Юсупалиев юртимизда синов жараёнида бўлган Хитой вакцинаси бўйича ҳам тўхталиб ўтди:

— Хитойнинг "Ayhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical” компанияси томонидан ишлаб чиқилган янги коронавирус рекомбинант вакцинасини хавфсизлиги ва "COVID-19» инфекциясини олдини олишдаги самарадорлигини аниқлаш мақсадида 5000 нафар кўнгиллилар орасида 3-босқич клиник тадқиқотлари ўтказилмоқда.

Юртимизга 8 нафар хитойлик мутахассис ташриф буюришган ва айни пайтда 3133 нафар кўнгиллида вакцинациянинг клиник синовлари амалга оширилган, ножўя таъсирлар кузатилмаган.

Вазир ўринбосарининг маълум қилишича, жараёнлар Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати қошида иммунизация тадбирлари олиб бориш мақсадида юқори малакали мутахассислардан иборат штаб фаолият кўрсатмоқда:

— Республикамизда коронавирус инфекцияси бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлигининг барча тизимлари ўртасидаги ҳамкорликни ошириш, ўзаро тажриба алмашиш, аҳоли орасида касалликни ўз вақтида аниқлаш, даволаш ва тарқалишининг олдини олиш бўйича тадбирлар давом эттирилмоқда, — дейди Баҳодир Юсупалиев.

Манба: yuz.uz