Андижон 24

ЎЗБЕКИСТОНДА МУСТАҚИЛЛИК БАЙРАМИ МУНОСАБАТИ БИЛАН 100 ДАН ОРТИҚ ОБЪЕКТ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛАДИ


26.08.2019   2973

Мустақиллик байрами дастурида белгиланган барча тадбирлар давомида хавфсизликни таъминлашга Ички ишлар вазирлиги ва унинг қуйи тизимлари алоҳида эътибор қаратмоқда, дея маълум қилди ИИВ вакиллари.

Тайёргарлик жараёнларида Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари ҳузуридаги махсус комиссиялар билан ҳамкорликда байрам тадбирлари билан боғлиқ барча объектларнинг техник, ёнғин хавфсизлиги ҳамда санитария ҳолати ўрганиб чиқилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилган. Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган объектларда оммавий байрам тадбирлари ўтказилишига йўл қўймаслик алоҳида назоратга олинган.

ИИВ патрул пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бош бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Пормоновнинг сўзларига кўра, тасдиқланган дастурларга асосан бу йил республика бўйича 231 жойда Мустақиллик байрамининг асосий тантаналари ўтказилса, 100 дан ортиқ объект фойдаланишга топширилади. Шу билан биргаликда, Ўзбекистоннинг деярли барча боғлари, хиёбонлари ва сайлгоҳларида халқ сайллари бўлиб ўтади.

Тантаналар ўтказиладиган барча манзиллар ИИВнинг махсус гуруҳлари назоратида бўлиши ҳамда барча жойларга ички ишлар органларининг тегишли соҳавий хизматлари ходимлари хизматга жалб этилиши айтилди.

Шунингдек, маҳалла ва мавзеларда жамоат тартибини сақлаш ҳамда осойишталикни таъминлаш учун ички ишлар органлари таянч пунктлари ходимлари кечаю кундуз хизматда бўлади.