Андижон 24

ЎЗБЕКИСТОНДА ИСМЛИ АВТОРАҚАМЛАРНИ ЖОРИЙ ЭТИШ ТАКЛИФ ҚИЛИНДИ


10.05.2019   2830

«Менинг фикрим» жамоавий мурожаатлар порталида исмли (номли) авторақамларни жорий қилиш ҳақида петиция эълон қилинди.

«Ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш соҳасини янада ривожлантириш ва фуқароларга қулайликлар яратиш мақсадида қўшимча пул тўлаш асосида автомобиль эгасининг исми ёки у томонидан таклиф қилинган сўз (ном) туширилган авторақамларни жорий қилишни таклиф қиламан. Аксарият ривожланган давлатларда ушбу амалиёт мавжуд», — деб ёзади петиция муаллифи.

Қайд этилишича, мазкур турдаги авторақамларни сотиш давлат бюджетига ҳам маблағларни туширишга хизмат қилади. Аксарият ҳолатларда йўл ҳаракат қоидаларини қўпол тарзда бузиш ёки эҳтиётсизлик натижасида пиёдани уриб юбориш ва воқеа жойидан қочиб кетиш ҳолатларида бундай автомобиль рақамлари зарур ҳисобланади. Кузатув камералари ўрнатилмаган жойларда шундай ҳуқуқбузарлик ёки жиноятлар содир этилганда фуқаролар рақамлардан кўра сўзларни яхшироқ эслаб қоладилар.

«Шу сабабли, мамлакатимизда автомобиллар учун автомобиль эгаси томонидан таклиф қилинган сўз (ном) туширилган авторақамларни жорий қилишни таклиф қиламан», — дейилади мурожаатда.

Манба: daryo.uz.