ЖАМИЯТ

ЎЗБЕКИСТОНДА ДАМ ОЛИШ КУНЛАРИ АНОМАЛ ИССИҚ БЎЛАДИ


04.06.2021   3617

Сўнгги кунларда мамлакатимиз ҳудуди бўйича ёз фаслининг боши учун меъёрий қийматлардан 7-10° га юқори бўлган аномал иссиқ об-ҳаво кузатилмоқда. Бу ҳодиса Эрон ҳудудларидан қуруқ ва иссиқ ҳаво кириб келиши билан боғлиқдир. Дам олиш кунларида иссиқ яна кучаяди, кундуз кунлари ҳаво ҳарорати 40-43° гача, жанубда ва чўл ҳудудларида баъзи жойларда 44-46° гача исийди, кечалари эса 22-27° атрофида, республиканинг чўл ҳудудларида баъзи жойларда 30° гача бўлади, деб хабар берди "Ўзгидромет".

Республика ҳудудининг катта қисмида бу ёзнинг энг иссиқ бошланишидир. Масалан, Тошкентда ушбу йилгача июнь ойининг биринчи ҳафтасида ҳароратнинг мутлақ (абсолют) максимуми 37-39° дан юқори бўлмаган.

Дам олиш кунлари республика бўйича шамол баъзи жойларда чангли бўрон билан 17-22 м/с гача кучайиши кутилмоқда.

Дам олиш кунлари айрим тоғли ҳудудларда кечга томон конвектив булутлилик ривожланишида момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғир ёғиши эҳтимоли бор.