Андижон 24

ЎЗБЕКИСТОНДА COVID-19 ГА ҚАРШИ ВАКЦИНА ОЛГАН ТАЛАБАЛАРГА КОНТРАКТ ТЎЛАШДА ЧЕГИРМА БЕРИЛАДИ


04.07.2021   864

Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмлаш гуруҳларига талабалар ҳам киритилди, эмланган талабаларга тўлов-контрактда чегирма берилади деб хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, мамлакатдаги мавжуд эпидемиологик ҳолатни инобатга олган ҳолда масъул ташкилотларнинг таклифларига биноан, бугунги кунга қадар Республика махсус комиссиясининг қарорлари билан умумий эмлаш ишларига жалб этилган аҳоли гуруҳлари қатори кенгайтирилди.

Унга кўра:

18 ёшдан катта бўлган Самарқанд ва Тошкент вилояти аҳолисини, шунингдек, имкониятдан келиб чиқиб, бошқа ҳудудлардаги 18 ёшдан катта аҳоли қатламини ўзлари бириктирилган бирламчи тиббий-санитария муассасаларида ихтиёрий равишда эмлаш белгиланди;

Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган барча давлат ва нодавлат олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган 18 ёшдан катта бўлган, бугунги кунда бакалавриатура, магистратура, клиник ординатура босқичларида таҳсил олаётган талабаларни давлат бюджети маблағлари ҳисобидан коронавирус инфекциясига қарши ихтиёрий равишда оммавий эмлаш белгиланди.

Коронавирус инфекциясига қарши ихтиёрий равишда эмланган тўлов-контракт асосида ўқийдиган талабаларга ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, 2021/2022-ўқув йили учун базавий тўлов контрактига 10 фоиз миқдорида бир марталик чегирма бонуси берилади.