ЖАМИЯТ

ЎЗБЕКИСТОНДА БУ ЙИЛ СУВ ТАҚЧИЛЛИГИ КУЗАТИЛАДИМИ?


21.04.2020   1948

“Авесто” Ватани бўлмиш Хоразмда азалдан сув ниҳоятда қадрланган. Негаки, ҳудудда экин экиладиган ерларга сув етказиб, деҳқончилик қилиш катта машаққат талаб этади.

Давлатимиз раҳбари Хоразм вилоятига ташрифи пайтида нафақат мазкур ҳудуд, балки бутун мамлакатимиз учун долзарб бўлган сув таъминоти масаласига тўхталиб, “Сувнинг 1 литри эмас, 1 грамми ҳам ҳисобли бўлиши керак”, дея алоҳида таъкидлади. Бинобарин, сув — она замин бизга туҳфа этган неъматлар орасида энг қадрлисидир.

Айниқса, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда ҳал қилувчи соҳа — қишлоқ хўжалиги ривожи, деҳқончилик тақдирини усиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бироқ масаланинг нозик томони шундаки, глобал иқлим ўзгариши таъсирида кузатилаётган сув танқислиги обиҳаёт ресурслари нисбатан чекланган минтақада жойлашган Ўзбекистонда яққол сезилмоқда. Бахтга қарши мамлакатимизда бу йил қиш фасли ҳам нисбатан қуруқ келди. Буларнинг барчаси яхши ният билан айни экин-тикин ишларига киришган деҳқон ва фермерларни ўйлантириб қўймоқда: бу йил суғорма деҳқончилик учун сув таъминоти қандай бўлади? Кўпчиликни қизиқтираётган шу каби саволлар билан Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири Шавкат ҲАМРОЕВга мурожаат қилдик.

— Ўзбекистон эҳтиёжи учун зарур сув захираларининг асосий қисми қўшни давлатлар ҳудудида шаклланади. Бу эса ўзига хос мураккабликларни ҳам келтириб чиқаришига амалиётда кўп бор дуч келинган. Айтинг-чи, сув ресурсларини бошқаришдаги ҳозирги аҳвол қандай? Иқтисодиёт тармоқлари, хусусан, деҳқон ва фермер хўжаликларининг жорий мавсумда ­сувга бўлган эҳтиёжи қай тарзда таъминланади?

— Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасидаги энг ­йирик суғориладиган ­майдонга эга мамлакат ҳисобланади. Яъни юртимизда 4,3 миллион гектар ерда ­деҳқончилик қилинади. Ушбу экин майдонларини суғориш, қолаверса, ичимлик эҳтиёжлари учун дарё ва кўлларнинг чучук сув ресурсларига боғланиб қолинган. Республикамиз эҳтиёжлари учун Орол денгизи минтақасидаги ­Амударё ва Сирдарё ҳавзаларида ҳар йили шаклланадиган ўртача 116 млрд. м3 сув ресурсларининг 52-53 млрд. м3 қисми ишлатилади.

Иқлим ўзгариши глобал муаммога айланган ҳозирги даврда, айниқса, сув ресурсларидан тежамкорлик билан самарали фойдаланиш тақозо этилмоқда. Сабаби сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатларида, хусусан, Ўзбекистонда сув кам бўлган йиллар тез-тез такрорланмоқда. Мисол учун, 2000 йилларга қадар ҳар 6-8 йил ичида сув тақчиллиги кузатилган бўлса, охирги вақтларда бу ҳолатга ҳар 3-4 йилда дуч келинмоқда. Бунинг таъсирида 2018 йилда Ўзбекистон бўйича умумий сув танқислиги 3 млрд. м3ни ташкил этди. 2030 йилга бориб бу кўрсаткич 7 млрд. м3, 2050 йилга қадар эса 13 — 15 млрд. м3га етиш эҳтимоли бор. Бундан ташқари, ҳаво ҳароратининг кўтарилиши натижасида қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш меъёрлари 2030 йилга бориб 5 фоиз, 2050 йилда 7 — 10 фоиз ошиши тахмин қилинмоқда. Буларнинг барчаси олдимизга сув ресурсларига бўлган муносабатни тубдан ўзгартириш, ундан фойдаланишда тежамкор технологияларни қўллаш, суғоришда интенсив усулларни татбиқ қилиш, энг муҳими, ерларнинг деградацияга учраши ва чўлланишининг олдини олиш каби муҳим вазифаларни қўймоқда.

Лекин ортиқча хавотирланиш, олдиндан таҳликага тушиш ва хулоса чиқариш ярамайди. Қиш мавсуми кам ёғин келган бўлса-да, баҳорда ёғингарчилик яхши бўляпти. Масалан, айрим йилларда баҳорги ёмғирлар туфайли сув ҳавзаларида катта миқдорда обиҳаёт йиғилган. Шунинг учун бу йилги мавсумда сув танқислиги қай даража бўлишини айтишга ҳозир эрта. Шундай бўлса-да, бу масала олдиндан ўрганилиб, тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда. Салбий оқибатларни юмшатиш бўйича тезкор чоралар олиб ­бориляпти.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати марказининг дастлабки прогноз маълумотларига кўра, 2020 йилда кутилаётган сув миқдори меъёрга нисбатан Оҳангарон, Қорадарё ва Фарғона водийси шимолидаги дарёлар, Сурхондарё ва Қашқадарё ҳавзаларида 80 фоиз, Вахш, Зарафшон, Норин, Чирчиқ дарё ҳавзаларида 85 фоиз, Фарғона водийси жанубидаги дарёлар ҳавзаларида 90 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда. Айни пайтда вазирлик томонидан 2020 йил суғориш мавсумида кутилаётган сув танқислигининг салбий таъсирини юмшатиш, суғориладиган ерларни сув билан кафолатли таъминлашда мавжуд сув ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Унга кўра, республика бўйича ­вегетация мавсумида қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш учун етишмайдиган сув миқдори 6 млрд. 562 млн. м3ни ташкил этади. Бу миқдорни қоплаш учун, биринчи ­навбатда, сувни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш, Сув ­истеъмолчилари уюшмаси ва энг қуйи тизимдаги каналлар, сув иншоотларини оператив назорат қилиш, даладаги сувчиларни рағбатлантириб, 24 соатлик иш ташкил қилиш керак. Сув тежовчи технологияларни қўллаш, зовурларга қўшимча насос ўрнатиш ҳамда ер ости сувларидан фойдаланиш, ­шунингдек, экинларни тўғри жойлаштириш, самарали агротехнологияларни қўллаш ва ирригация ­тадбирларини амалга ошириш ­чораларини кўриш зарур.

Ишонтириб айтаманки, вазирлигимиз иқтисодиёт соҳалари ва аҳолини узлуксиз сув билан таъминлаш учун тегишли барча чораларни кўради.

— Маълумки, иқтисодиёт тармоқларида сарфланаётган сув ҳажмининг 90 фоизи қишлоқ хўжалиги ҳиссасига тўғри келяпти. Шу маънода, давлатимиз ­раҳбари томонидан бу йил сув тежайдиган технологияларни тўрт баробар кўпайтириш вазифаси қўйилгани соҳада ресурс тежамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши кутилмоқда. Шундай экан, унинг ижроси қандай?

— Дарҳақиқат, Президентимиз Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномада энг муҳим соҳалар қаторида сув хўжалигига ҳам тўхталиб, ресурс тежайдиган технологияларни амалиётга кенг татбиқ этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берди. Шундан келиб чиқиб, жорий йилда республикамиз бўйича

44 минг гектардан зиёд майдонда сув тежовчи технологиялар, жумладан, 24,8 минг гектар пахта майдонида томчилатиб суғориш технологияси жорий қилиниши режалаштирилган. Сувни тежайдиган технологияларни қўллаган кластер ташкилотлари ва фермер хўжаликларига давлат томонидан молиявий мадад берилаётгани суғоришнинг тежамкор усулларини оммалаштиришга хизмат қиляпти.

Бинобарин, cув тежовчи технологиялар — замон талаби, ҳаётий зарурат. Чунки сувга бўлган эҳтиёж тобора ортмоқда. Агар 1990 йиллар бошида мамлакатимизда аҳоли сони 20,3 млн. кишини ташкил этиб, иқтисодиёт тармоқларида йилига ўртача 64 млрд. м3 сув сарфланган бўлса, 2020 йилга келиб, аҳоли жон боши қарийб 34 млн. кишига етди, иқтисодиётимиз тармоқлари учун ишлатилаётган сув ҳажми

51-52 млрд. м3ни ташкил этмоқда, холос. Яъни аҳоли сони кўпайгани сари сув ресурслари тобора камаймоқда. Фақат сув тежовчи технологияларни кенг қўллаш орқалигина минтақада юз бериши муқаррар бўлган сув тақчиллигининг олдини олиш мумкин.

Ҳозирги кунга қадар юртимизда 130 минг гектар майдонда сув ­тежовчи технологиялар жорий этилган бўлиб, шундан томчилатиб ­суғориш технологияси 77,4 минг гектарни ташкил этади. 2020 йилда бундай майдонларни 250 минг гектарга етказиш режалаштирилмоқда. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар давлат томонидан қўллаб-қувватланиб, 300 млрд. сўм маблағ йўналтирилади. Субсидиялар Президентимизнинг 2019 йил 25 октябрдаги “Қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий этишни ­рағбатлантириш механизмларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, экин тури, суғориш технологияси ва ернинг бонитет баллидан келиб чиқиб ажратилади. Яъни томчилатиб суғориш тизимлари учун гектарига 8 млн. сўм, ёмғирлатиб суғориш тизимлари учун 4 млн. сўм, дискретли суғориш учун 1 млн. сўм миқдорида молиявий кўмак берилади.

Шу билан бирга, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан пахта хом ашёси етиштирувчиларга томчилатиб суғориш тизимларини қуриш, реконструкция қилиш ва уларнинг бутловчи қисмларини сотиб олиш учун ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз харажатлари тижорат банклари томонидан белгиланган фоиз ставкасидан бир гектарга 20 млн. сўмдан ошмайдиган қисмининг 10 фоизи миқдорида қоплаб берилмоқда.

Бу каби амалий саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, 2025 йилга қадар юртимизда тежамкор технологиялар қўлланиладиган майдонларни

1 миллион гектарга етказиш мўлжалланмоқда.

— Соҳада катта сарф-харажатлар эвазига йирик лойиҳалар амалга оширилмасин, назорат бўш бўлса, кутилган натижага эришилмаслиги аниқ. Шунинг учун бугунги кунда сув хўжалиги объектларини бошқаришни замонавийлаштириш, сувни назорат қилиш ва унинг ҳисобини ­юритиш тизимини автоматлаштириш устувор аҳамият касб этмоқда. Айни шу йўналишда қандай натижаларга эришилди ва қайси бўғинларда камчиликлар кўзга ташланмоқда?

— Бу борада сўз юритганда, аввало, республикамизнинг асосий сув объектларига замонавий “Ақлли сув” тизими жорий қилинганини айтиш жоиз. Яъни Корея Республикаси ­халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA)нинг грант маблағи ҳисобидан молиялаштирилаётган лойиҳа доирасида 60 дан ортиқ сув хўжалиги объектларига сув сарфини онлайн кузатиш имконини берувчи қурилмалар ўрнатилди. 2020 йил давомида яна 90 та объектда мазкур тизим жорий қилиниб, уларнинг умумий сони 150 тага етказилади. Бу рақамлар йил сайин кўпайтирилиб, тўлиқ инновацион усулга ўтилади.

Бундан ташқари, сизот сувлари сатҳи ва минерализацияси тўғрисидаги маълумотларни онлайн кузатиш, мониторингини юритиш ҳамда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини баҳолаш имконини берувчи автоматлаштирилган тизим яратилмоқда. Уни шу йилнинг ўзида 2000 та кузатув қудуғида қўллашни мўлжаллаб турибмиз. Шунингдек, ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда, 2020 йилда 10 та, 2021 йилда 20 та, 2030 йилгача эса 100 та сув хўжалиги объектларини бошқариш жараёнлари ва сувни ­назорат қилиш ишлари автомат­лаштирилган тизимга ўтказилади.

Яқинда Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилган 2030 йилгача Сув хўжалигини ривожлантириш концепциясида ҳам соҳада автоматлаштириш ва ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилган. Унинг лойиҳаси нуфузли халқаро экспертлар ҳамда Австралиянинг сув хўжалиги соҳасида истиқболни белгиловчи стратегик ҳужжатларни ишлаб чиқишга ихтисослаштирилган “Aither” компанияси мутахассислари иштирокида тайёрланди. Унда қамраб олинган устувор йўналишлар доирасидаги чора-тадбирлар туфайли обиҳаётни тежаган ҳолда, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини кўпайтириш, шўрланган майдонларни ҳар йили 1 фоизга камайтириб бориш, шунингдек, 298,5 минг гектар фойдаланишдан чиққан майдонларни қайта фойдаланишга киритиш кўзда тутилмоқда. Хусусан, 2019 — 2021 йилларда 147 минг гектар ер қайта фойдаланишга киритилади.

— Сув беҳуда йўқотилишининг олдини олиш кўп жиҳатдан ирригация тармоқларининг нечоғли соз ҳолатда эканлигига ҳам боғлиқ. Бугунги кунда ушбу тармоқларни таъмирлаш-тиклаш, ўзанларни бетонлаштириш, пировардида барқарор обиҳаёт таъминотига эришиш борасида қандай чора-тадбирлар кўрилмоқда?

— Тўғри таъкидладингиз, республикамизда мавжуд суғориш тармоқлари 180 минг километрни, коллектор-дренаж тармоқлари 140 минг километрни ташкил этса, ирригация тизимларининг асосий қисми тупроқ ўзанли. Бу эса йилига ўртача 35 — 38 фоиз сув йўқотилишига олиб келяпти, шу жумладан, баъзи ҳудудларда 40 фоиз ва ундан кўпроқ бўлмоқда. Шунинг учун кейинги пайт­да ўзлаштирилаётган ички ва хорижий инвестицияларнинг муайян қисми тармоқларни бетонлаштиришга йўналтирилмоқда. 2020 йилда вазирлик тизимида Сув хўжалиги соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги фаолияти йўлга қўйилгани бу борадаги ишларимизни янада жонлантириш имконини беради, албатта. Сабаби агентлик кўмагида 2020 йилда Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки, Ислом ­тараққиёт банки, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги, Саудия тараққиёт жамғармаси иштирокидаги жами 6 та инвестиция лойиҳаси ­доирасида 186 млн. долларлик хорижий кредит маблағи ўзлаштирилади. Бу 2019 йилдагига нисбатан 1,47 баравар кўпдир.

Умуман, Инвестиция дастури доирасида йил давомида ирригация объектларида 756 млрд. сўмлик қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилиб, 80 та объект фойдаланишга топширилиши белгиланган. Шу билан бирга, 400 млрд. сўм қўшимча маблағ ажратилмоқда. Бунинг натижасида лойиҳа амалга оширилган ҳудудларда сув сарфи камайиб, ўртача 5 — 10 фоиз иқтисод қилишга эришилади.

Таъкидлаш керакки, каналлар ва улардаги гидротехника иншоотларини реконструкция қилиш, лоток тармоқларини, насос станцияларининг босимли қувурларини янгилаш сингари тадбирлар туфайли сув билан таъминланганлик даражаси паст бўлган жами 1 миллион 900 минг гектар суғориладиган майдоннинг 280 минг гектарига 2020 йилда обиҳаётни барқарор етказиб беришга муваффақ бўлинади. Энг асосийси, ирригация-мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш ишларига илмий ва инновацион ишланмалар жалб қилиниши туфайли уларнинг фойдали иш коэффициенти йилига ўртача 1 фоиздан ошириб борилади. Айни пайтда бу борадаги кўрсаткич 0,63 фоизга тенг бўлса, 2030 йилда 0,73 фоизга етказилади. Натижада йилига ўртача 5,3 млрд. м3 сув иқтисод қилинади ва суғориладиган ерларнинг кафолатли сув таъминотига эришилади.

Сув ресурсларининг ортиқча сарфланишига яна бир оғриқли масала — суғориладиган экин майдонларининг 46 фоизи турли даражада шўрлангани ҳам сабаб бўлмоқда. Шунинг учун сув-туз баланси юритиш механизмини такомиллаштириш, ер ости сизот сувларини меъёрда ушлаб туришга қаратилган мелиорация ишлари ҳам доимий эътиборимиз марказида турибди. Биргина 2020 йилнинг ўзида 202 минг гектар майдоннинг мелиоратив ҳолати яхшиланиб, шўрланган ер майдонлари улуши 45 фоизга камаяди, ер ости сизот сувлари сатҳи пасаяди.

Мақсадимиз сув хўжалигининг барча ходимлари, мироблар ўз ­олдига қўйилган вазифаларни ­сидқидилдан бажариб, элимиз дас­турхони тўкинлигини таъминлаш йўлида меҳнат қилаётган деҳқон ва фермерларга мавсум давомида узлуксиз обиҳаёт етказиб беришдир. Ишонтириб айтаманки, соҳанинг фидойи ходимлари хизматлари эвазига юзага келиши мумкин бўлган сув танқислиги оқибатларини юмшатиб, бунга, албатта, эришамиз.

Саид РАҲМОНОВ

("Халқ сўзи") суҳбатлашди

Манба: uza.uz