Ўзбекистон

Ўзбекистонда 12 ёшли қизлар жамоаси “Alpomish” компьютер ўйинини яратди


21.12.2017   464

Ёш дастурчиларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг профессионал маҳоратини юксалтириш ҳамда инновацион ғоя ва лойиҳаларини амалга ошириши учун имконият яратиш мамлакатимиз софтвер саноатини ривожлантиришнинг муҳим омилларидан биридир. Пойтахтимизда ёшлар ўртасида дастурий таъминот ишланмаси бўйича бўлиб ўтган “Best Soft Challenge – 2017” анъанавий танлови ғолибларини тақдирлаш маросимида шу ҳақда сўз юритилди.


Танлов Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети, Тошкентдаги Инҳа университети, “BePro”дастурчилар маркази ҳамкорлигида ташкил этилди.

Ушбу анъанавий танлов дастурий таъминот ишланмалари билан шуғулланувчи ёш истеъдодларни аниқлаш ва рағбатлантириш, уларнинг инновацион лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда юртимиз дастурий маҳсулотлар бозорини ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида ўтказилмоқда.

Тадбир ёшларнинг замонавий ахборот-коммуникация технологияларига қизиқиши ва техник саводхонлиги ошганини кўрсатди. Йил сайин танлов иштирокчилари сони ва ҳакамлар ҳайъатига тақдим этилаётган лойиҳаларнинг профессионал тайёргарлик даражаси ортиб бормоқда. Жорий йилда танловнинг илк босқичида иштирок этиш учун юртимизнинг барча вилоятларидан 300 дан ортиқ ариза келиб тушган. Унда академик лицей, касб-ҳунар коллежи ва олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 25 ёшгача бўлган талаба-ёшлар дастурий таъминот ишланмаси бўйича ўз кучи ва билимини синовдан ўтказди.

Жорий йилги танловга айрим ўзгартиришлар киритилди. Илгари қатнашчилар тайёр дастурий ечимларни тақдим этган бўлса, бу гал ҳакамлар ҳайъати эътиборига “Ақлли шаҳар”, “Компьютер ва мобиль ўйинлар”, “Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги энг яхши лойиҳалар”, “АКТ соҳасидаги инновацион ғоя” каби тўрт номинация бўйича лойиҳа ва ғоялар ҳавола этилди. Ҳайъат аъзолари ҳар бир лойиҳанинг долзарблиги, ўзига хослиги, унда қўлланилган технологик ечимлар ва интерфейс қулайлигини баҳолади. Мазкур номинациялар мамлакатимиз ва дунёда дастурий маҳсулотлар бозорини ривожлантиришнинг замонавий тенденцияларидан келиб чиққан ҳолда танлов дастурига киритилди.

Ўзбекистоннинг барча вилоятларидан ташриф буюрган ва финалга йўлланма олган ёш дастурчилар бир неча кун давомида мустақил ва видеоконференцалоқа шаклида ўз лойиҳалари тақдимотини ўтказди. Ҳайъат аъзолари лойиҳаларни атрофлича ўрганиб, ҳар бир номинация бўйича энг яхши ишларни саралаб олди.

“VeloBOT” лойиҳасини тақдим этган жамоа энг мураккаб механик деталлар яратишга қодир илғор муҳандислик воситаларидан моҳирона фойдалангани учун юксак эътирофга сазовор бўлиб, “Ақлли шаҳар” номинацияси ғолиби деб топилди. “Компьютер ва мобиль ўйинлар” номинациясида интерфаол тарзда кимёвий тажриба ўтказиш имконини берувчи “Mylab” тематик веб-саҳифаси биринчи ўринга сазовор бўлди. VR-технологиялар имкониятларидан фойдаланган ҳолда мамлакатимизнинг диққатга сазовор жойларига бағишланган “VR Tours” лойиҳаси “Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги энг яхши лойиҳалар” номинациясида ғолиб бўлди. Махсус МАС манзил учун РНР дастлабки кодини шифрлаш учун яратилган дастур “АКТ соҳасидаги инновацион ғоя” номинациясида ғолибликни қўлга киритди.

– Муҳим маълумотни шифрлаш киберхавфсизликни таъминлашнинг муҳим омилларидандир, – дейди “АКТ соҳасидаги инновацион ғоя” номинацияси ғолиби Д.Абдулатипов. – Мен яратган дастур маълумотни шифрлайди, ундан фақат шифрлаш амалга оширилган компьютердагина фойдаланиш мумкин. Шу сабабли ушбу дастурдан кенг миқёсда фойдаланиш имконияти мавжуд. Ундан айниқса, махфий маълумотларни ҳимоялаш зарур бўлган барча соҳаларда ҳам самарали фойдаланиш мумкин.

Мамлакатимизда, шунингдек, мактаб ёшидаги ўқувчилар яратган дастурлаш тилларини ўрганишга қаратилган ўқув дастурлари ҳам ижобий натижалар бермоқда. Жорий йилда “Best Soft Challenge – 2017” танловининг томошабинлар эътирофи соврини “Alpomish” қадимий ўзбек халқ достони асосида компьютер ўйини яратган 12-13 ёшли қизлар жамоасига берилди. Ушбу жамоа қизлари сўнгги икки йилда Тошкентдаги Инҳа университетининг болалар учун мўлжалланган “Codecraft” дастурчилар курсида таҳсил олиб келмоқда.

– Эзгулик ва адолатга ишончни тараннум этувчи қадимий ўзбек халқ достонини ўқигач, бизда унинг асосида компьютер ўйини яратиш ғояси пайдо бўлди, – дейди пойтахтимиздаги 307-умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчиси К.Йўлдошева. – “Codecraft” курсларида биз нафақат дастурлаш, балки жамоа бўлиб ишлаш, мажбуриятларни ўртада тақсимлашга ўргандик ва бу ғояларимизни амалга оширишда қўл келди.

ЎзА/