ЖАМИЯТ

ЎЗБЕКИСТОНДА 1 ИЮЛДАН БОШЛАБ НОШИРЛИК ВА МАТБАА ФАОЛИЯТИ УЧУН ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБ ҚИЛИНМАЙДИ


24.06.2020   882

Ўзбекистон Президентининг «Ноширлик ва матбаа соҳасини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2020 йил 16 мартдаги қарорига асосан ноширлик ва матбаа фаолияти учун лицензия бекор қилинган. Вазирлар Маҳкамаси «Ноширлик ва матбаа фаолиятини бошлагани ҳақида ваколатли давлат органини хабардор қилиш тартиби тўғрисида»ги низомни тасдиқлади. Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.

Низомга кўра, жорий йилнинг 1 июлдан бошлаб ноширлик фаолияти учун лицензия, матбаа фаолияти учун рухсатнома талаб этилмайди.

Эндиликда тадбиркор ноширлик ёки матбаа фаолиятини бошлаганидан кейин 10 кун ичида Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига хабарнома юбориши кифоя.

Хабарнома юборилганидан кейин бир иш кунида тасдиқнома электрон кўринишда хабардор қилувчига етказилади.

Шу билан бирга ноширлик ва матбаа соҳасида амалдаги қонунчилик талаблари сақлаб қолинади.

Манба: daryo.uz