Андижон 24

«Ўзбекистон темир йўллари» Наврўз муносабати билан чегирмалар жорий қилади


01.03.2018   1188

«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти Наврўз байрамини нишонлаш кунларида йўловчилар учун бир қатор қулайликлар яратилганини маълум қилди.

Фуқароларнинг давлат расмий саналарини нишонлаш даврида тўлақонли дам олиши учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш ва дам олиш, байрам кунларидан оқилона фойдаланиш шунингдек, ички туризмни янада ривожлантириш мақсадида, жорий йил 18 мартдан 22 мартгача бўлган кунларида маҳаллий йўналишларда қатновчи йўловчи поездларда (шу жумладан, юқори тезликда ҳаракатланаётган «Афросиёб» поездларида) оилавий, жамоа, талабалар, ўқувчилар ҳамда нафақадагилар учун йўл чиптасининг тариф қисмидан 50 фоизгача чегирма жорий қилинди.

Бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2018 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида»ги Фармонида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда, дейилади хабарда.

Аввалроқ «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси Наврўз байрами кунларида барча ички рейсларга чегирмалар жорий қилган эди.