Андижон 24

ЎЗБЕКИСТОН СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВАЗИРИ КОРОНАВИРУС МУҲОКАМАСИГА БАҒИШЛАНГАН ВИДЕОСЕЛЕКТОР ЙИҒИЛИШИ ЎТКАЗДИ


28.02.2020   2333

Соғлиқни сақлаш вазирлигида янги турдаги коронавирус инфекцияси бўйича эпидемик вазият ва касаллик тарқалишининг олдини олиш чора-тадбирларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда вазирликнинг марказий аппарати масъуллари, республика даволаш муассасалари раҳбарлари, олий тиббий таълим ўқув юртлари ректорлари ва вазирликнинг ҳудудлардаги қуйи тизим мутахассислари билан бирга Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси вакиллари иштирок этди. Бу ҳақда ССВ жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берган.

Алишер Шодмонов раҳбарлигида ўтказилган мазкур видеоселекторда дунёдаги ана шундай мураккаб эпидемик вазиятдан келиб чиқиб, мамлакатимизда бу борада олиб борилаётган чора тадбирлар, жумладан, жорий 29 январда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясини ташкил этиш тўғрисида»ги Президент фармойишида кўзда тутилган вазифалар таҳлил қилинди. Коронавирус инфекциясини олдини олиш бўйича профилактик ва эпидемияга қарши кураш тадбирлари бўйича мавжуд масала ва амалга оширилиши долзарб бўлган вазифалар муҳокама қилинди.

Айни пайтда мамлакатимизга юқумли касалликлар, жумладан, COVID19 инфекциясини кириб келишини олдини олиш мақсадида, давлат чегараларида 53 та санитария-карантин пунктлари (СКП) халқаро талаб ва мезонлар асосида фаолият кўрсатмоқда. Бугунги кунда ушбу СКПларда бошқа тармоқ ходимлари қаторида 250 нафардан зиёд юқори малакали санитария-эпидемиология хизмати масъуллари белгиланган стандартлар бўйича иш олиб бормоқда. Юртимизга коронавирусни аниқлаш бўйича замонавий тест-системалари, шунингдек, тиббиёт ходимлари учун шахсий ҳимоя воситалари, тиббий техника ва тиббий буюмлар заҳираси яратилмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитария-эпидемиологик осойишталиги агентлиги ҳузурида узлуксиз 24 соат давомида фаолият кўрсатувчи штаб ташкил қилинган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан мустаҳкам ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган.

2020 йилнинг 15 январидан - 26 февралигача бўлган муддатда Хитой Халқ Республикасидан келган 5 022 нафар фуқаро рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг 14 кунлик тиббий кузатув даври якунланган. Ҳозиргача мамлакатимизда коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолати қайд этилмаган.

Мамлакатимиздаги барча ҳаво ва темир йўлларда ташкил қилинган санитария-карантин пунктлари, ҳудудларда тузилган штаблар фаолиятини бугунги кун талабидан келиб чиқиб, қайта кўриб чиқиш, меҳмонхоналар ва корхоналар, маҳалла, ички ишлар органлари билан мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйиш ва уларга давлат томонидан қўйилаётган талаб, тавсияларни ўз вақтида етказиш, тиббий-патронаж хизматини янада яхшилаш юзасидан масъулларга аниқ топшириқ ва кўрсатмалар берилди.

Айниқса, эпидемия кенг тарқалган мамлакатлардан келган ҳар бир фуқарони тўлиқ 14 кунлик тиббий кузатувга олиш, бирламчи тиббиёт муассасаларининг врач ва патронаж ҳамширалари томонидан грипп, ЎРИ ва ўткир пневмония касалликларини эрта аниқлаш ишларини тизимли ташкил этиш бўйича вазифалар яна бир бор қатъий кўрсатиб ўтилди. Шу билан бирга, хориждан келган фуқаролар орасида тана ҳарорати кўтарилган беморлар аниқланганда, уларни барчасини коронавирус касаллигига махсус лаборатория текширувидан ўтказишга, шунингдек, касалликнинг тарқалишини олдини олиш ва изоляция қилиш мақсадида, оилавий поликлиника шифокорлари томонидан ҳарорати юқори бўлган беморларни уйида тиббий ёрдам кўрсатилишига алоҳида эътибор қаратиш кераклигига урғу берилди, дейилади хабарда.

Аввал, 27 февраль, пайшанба куни, Сеулдан келган HY514 рейси йўловчилари Тошкент аэропорти халқаро терминалининг алоҳида залида вақтинча санитария изоляциясига жойлаштирилгани, самолёт йўловчиларининг изоляцияси бўйича хабар берилган. Маълум бўлишича, Жанубий Кореянинг Сеул шаҳридан Тошкентга учган самолёт бортида бир йўловчининг саломатлиги ёмонлашганлиги сабабли самолёт соат 20:55 да Сеул аэропортига қайтарилган. Шундан сўнг самолёт Тошкентга 232 нафар йўловчи, 12 нафар экипаж аъзоси билан жами 244 нафар фуқаро учган ва 27 февраль куни пойтахт аэропортига келиб қўнган.

Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазирлиги баёнотига кўра, мамлакат расмийлари Макка шаҳрида Умра амалини бажариш ва Мадинада Набавий масжидини зиёрат қилиш учун келадиган фуқароларнинг Саудия Арабистонига киришини вақтинча тўхтатишга қарор қилган. Ушбу чора коронавирусга қарши кураш доирасида амалга оширилаётганибилдирилган.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Умра визасининг берилиши вақтинча тўхтатилганини маълум қилди. Саудия Арабистони подшоҳлиги Ҳаж ва Умра вазирлиги 2020 йил 27 февраль кунидан эътиборан дунёнинг барча мамлакатлари учун Умра визаси тақдим этишни вақтинча тўхтатган.

Манба: daryo.uz