ЖАМИЯТ

ЎЗБЕКИСТОН МУСУЛМОНЛАРИ ИДОРАСИ ДЕЛЕГАЦИЯСИ КОРЕЯ РЕСПУБЛИКАСИДА ВАТАНДОШЛАР БИЛАН УЧРАШДИ


26.01.2023   709

Мамлакатимиз элчихонаси ташаббуси Фарғона вилоятидаги «Абу Ҳанифа» масжиди имом-хатиби Шукурулло Эгамбердиевнинг Корея Республикасига амалий сафари ташкил қилинди, деб хабрар бермоқда «Дунё» АА

Сафар давомида ҳозирги кунда ушбу давлатда бўлиб турган ватандошларимизга Ислом динининг асл моҳияти тўғрисида маълумот берилгани баробарида уларнинг диний саводхонлигини ошириш мақсадида фуқароларимиз зич яшайдиган шаҳарларда маънавий-маърифий суҳбатлар ташкил қилинди.

Жумладан, «Абу Ҳанифа» масжиди имом-хатиби Хвасон, Чонгжу, Кимхе, Кёнсан ва Сеул шаҳарларида ватандошларимиз билан қатор учрашувлар ўтказди. Ушбу маънавий-маърифий тадбирларда юртдошларимизга Ўзбекистонда диний-маърифий жабҳадаги ўзгаришлар тўғрисида маълумот тақдим қилинар экан, уларнинг ёт ғоя ва турли диний экстремистик ташкилот ҳамда оқимлар таъсирига тушиб қолмасликлари, соф ислом дининг мазмун-моҳияти ҳақида сўзлаб берилди.

Бўлиб ўтган учрашувларда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси масъул ходими ва элчихона вакиллари томонидан юртимизда сўнгги йиллар давомида диний-маърифий жабҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, фуқароларимизнинг диний эркинликларини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳақида ҳам атрофлича фикр юритилди.

Таниқли уламо ёшларни миллий руҳда тарбиялаш, фарзандларнинг одоби, аҳлоқи ва таълим-тарбиясига катта эътибор қаратиш зарурлигига алоҳида тўхталди. Шунингдек, мазҳаблар орасидаги фарқлар, «Ҳанафия» мазҳаби афзалликлари тушунтириб берилиб, фарзанд тарбияси, оила муқаддаслиги, қон-қариндошлик ва ота-онага ҳамда яқинларига муносабат масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, тадбирларда Корея Республикасида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган меҳнат муҳожирларимиз ва талабалар ушбу давлатда масъулият билан фаолият юритишлари, меҳнат орқали топилаётган маблағларни тўғри сарфлаш, оила аъзолари билан мунтазам боғланиб туришлари ва ватанга янги илм, ҳунар, сармоя ва ғоялар билан қайтишлари мақсадга мувофиқ эканлиги таъкидланди.

Элчихона ходимлари ва ватандошлар ўртасида бўлиб ўтган очиқ мулоқотлар чоғида Ўзбекистон раҳбарияти томонидан хориждаги ватандошларга кўрсатилаётган эътибор, уларни қўллаб-қувватлаш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида ҳам атрофлича фикр юритилди. Тадбирлар якунида ватандошлар ўззларини қизиқтирган саволларга мутасаддилардан батафсил жавоб олдилар.