ЖАМИЯТ

ЎЗБЕКИСТОН МУСУЛМОНЛАРИ ИДОРАСИ АРЧА БЕЗАТИШ СОҒЛИҚ УЧУН ФОЙДАЛИ ЭКАНЛИГИНИ БИЛДИРДИ


17.12.2019   922

Фото: Google Images

Ўзбекистон Халқаро Ислом академияси сайтида Ислом цивилизацияси маркази директорининг ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур Янги йилни нишонланиш ҳукми ҳақида фикр билдирган эди. ЎзАнинг хабар беришича, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Иброҳимжон Иномов эса Янги йилни нишонлаш ва арча безатиш ҳақидаги мулоҳазаларини баён этди.

Унинг таъкидлашича, ҳар бир сананинг, байрамнинг ўзига яраша тарихи бор. Шу жумладан, Янги йилнинг ҳам. Янги йил Римда Юлий Цезарь томонидан жорий этилган. Кейинчалик бу байрам аста-секин Римга тобе халқлар орасида тарқалиб, қадрият сифатида шакллана борган. Шу тариқа Юнонистон, Миср, Яқин шарқ мамлакатлари ва Европанинг жанубий ҳудудларида кенг ёйила борган.

Ўзбекистонда эса бу байрам 19-асрдан нишонлана бошланган. 1947 йилда СССР Олий Совети Президиумининг қарори билан 1 январь байрам куни деб эълон қилингач, Ўзбекистонда Янги йил расман нишонлана бошланган. ХХ асрнинг иккинчи ярмида эса Янги йил деярли ҳар бир хонадонда, ташкилотларда кенг нишонланиши кузатилади.

1991 йилда Ўзбекистонда мустақиллик эълон қилингач ҳам Янги йил байрами расмий байрам сифатида сақлаб қолинди.

«Кўпчилик мўмин-мусулмон юртдошларимиз Янги йилни байрам қилмаслик керак, у бошқа дин вакилларининг байрами, дейишиб далил сифатида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ‘Ким бирор қавмга ўхшаса, у ўшалардандир’ (Имом Ибн Можа ривояти), деган ҳадисни келтирадилар. Аслида-чи: аслида ҳам шундайми?

Мўмин фаросатли, ҳар бир масаланинг моҳиятига эътибор қаратадиган, ҳар бир ишдан эзгулик ва савобни кўзлайдиган кишидир. Шундай экан, йил поёнида бир йиллик фаолиятни сарҳисоб қилиш, камчиликлардан хулоса чиқариб, муваффақиятларга шукрона келтириш, Янги йилда янги режаларни тузиб олиш мақсадида шукрона дастурхони ёзишнинг нимаси ёмон?!

Ёки йилнинг исталган санасида халқимиз таъбири билан айтганда, Худо берган куни маст қилувчи ичимликлар ичиб, оғзига келган сўзни сўзлаб, ҳамманинг асабига тегиб юришни динимиз қаттиқ ва қатъий қоралайди. Демак, ҳар бир нарса ният ва мақсадга боғлиқ. Бежиз мўътабар ва ишончи ҳадис китобларида биринчи ҳадис: ‘Ҳар бир амал ниятларга кўрадир’, деб бошланмаган», — дейди Иброҳимжон Иномов.

Шунингдек, унинг айтишича, кўпчилик Янги йил римликлар илоҳи Янус шарафига жорий этилганини билишмайди. Аксинча, бу байрам насронийларники эканини билади. Ҳақиқий насронийлар бу байрамни расман нишонламайди, бу байрамга қарши чиққан.

Насронийлар нишонлайдиган байрам «Рождество»дир. Унда Исо алайҳиссалом туғилган кун байрам қилинади. «Рождество» янги тақвим бўйича католиклар ва протестантларда 25 декабрда, рус, серб, арман-григорян, шарқий католик черковларида эса юлиан тақвими бўйича 25 декабрь — янги григориан тақвими бўйича 7 январда нишонлашади.

«‘Рождество’ни нишонлаш мусулмон кишига тўғри келмайди. Лекин сонияларни, дақиқаларни, соатни, кунни, ойни, йилни, асрни айлантирадиган христианлар эмас, Исо Масиҳ ҳам эмас, балки христианларни ҳам, Исо алайҳиссаломни ҳам, мусулмонларни ҳам яратган Аллоҳ таолодир», — деб таъкидлаган Иброҳимжон Иномов.

Бундан ташқари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари арча безатиш масаласига ҳам тўхталиб ўтган.

Унинг айтишича, Янги йил учун арча безатиш одатини ҳаётга татбиқ қилган инсон германиялик Мартин Лютердир. Узоқ муддат сафарда юриб, байрам арафасида ярим тунда уйига қайтган Мартин оила аъзоларига «сюрприз» тақдим қилиш мақсадида «абадият дарахти» номи берилган дарахтни олиб келади. Уни безатишади, чироқлар қўйишади ва бу иш кўпчиликка манзур бўлади.

«Аслида арчани безатиш диний нуқтаи назардан эмас, балки соғлиқ жиҳатидан фойдалидир. Чунки арча нафақат соғлиқ, айни пайтда ёғоч ўймакорлиги, нақшлар солиш, эшик-деразалар ясашда ҳам кенг қўлланилади. Арчада соғлиқ учун фойдали омиллар бисёр. Мисол учун, арчада эфир мойи, қатрон, қанд, мум ва органик кислоталар кўп. Арча қуббасининг дамламасида сийдик ҳайдовчи, балғам кўчирувчи ва овқат ҳазм қилувчи хусусиятлар бор. Шу нуқтаи назардан болаларнинг яқин йўлаши учун арчага турли ўйинчоқлар, ширинликлар илиб қўйилади. Мақсад болалар арча атрофида ўйнашиб, унинг соғлиқ учун фойдали микроэлементларидан баҳра олишидир», — дейди у.

«Янги йил байрамини нишонлаш ҳар кимнинг ўз ихтиёрига ҳавола этилади. Эзгу ниятда, динимиз кўрсатмаларига мос, поёнига етган йилни сарҳисоб қилиш, янги йил учун янги режалар тузиб олиш мақсадида оила даврасида шукрона дастурхонини ёзишнинг зарари йўқ. Лекин Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсаларни истеъмол қилиш, шариатимиз кўрсатмаларига зид ишларни бажариш нафақат муайян саналар, байрамлар арафасида, балки ҳеч қачон мумкин эмас», — дея ўз мулоҳазаларини якунлаган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари.

Манба: Daryo.uz