Сайлов - 2021

ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ ТЕЛЕРАДИОКОМПАНИЯСИ ХОДИМЛАРИ УЧУН СЕМИНАР ТРЕНИНГ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ


17.08.2021   807

2021 йилнинг 24-октябрь санасида мамлакатимизда бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий жараён — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг шаффоф ўтиши ва бу жараёнларни ОАВда сифатли ва тезкор ёритишда журналистларнинг ўрни беқиёс.

Айни шу мақсадда, жорий йилнинг 16-17 август кунлари Марказий сайлов комиссиясининг Матбуот маркази томонидан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ходимлари учун “Сайлов жараёнларини ОАВ орқали самарали ёритиш” мавзуида икки кунлик семинар тренинг ташкил этилди.

Ушбу семинар тренингда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниянинг 150 дан зиёд ходимлари иштирок этди. Шу жумладан, МТРКнинг ҳудудий журналистлари учун ZOOM платформаси орқали боғланиш имконияти яратилади.

Тадбир мақсади – мамлакатимиздаги асосий телерадиоканаллар мажмуаси бўлган МТРКда бўлажак Президент сайловларини сифатли ва кенг ёритишга кўмаклашишдан иборат.

Тренинг икки кундан иборат бўлиб, қуйидаги мавзуларни ўз ичига олган:

Сайлов қонунчилигига киритилган ўзгаришлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг ўзига хос ҳусусиятлари;

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампанияси даврида оммавий ахборот воситалари вакилларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови даврида номзодлар томонидан сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартиби.

Ушбу семинар тренингни Марказий сайлов комиссияси аъзолари, Тошкент Давлат Юридик университети профессор ўқитувчилари олиб борди.

Маълумот ўрнида: МСК Матбуот маркази семинар-тренингларда иштирок этиш истагини билдирган журналистларни кетма-кет сайлов жараёнини ёритиш борасида ўқитиб боради.

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот маркази