ЖАМИЯТ

ЎЗБЕКИСТОН МАКТАБ ДАРСЛИКЛАРИ ҲАҚИДА ХАЛҚАРО ЭКСПЕРТ ФИКРИ ҚАНДАЙ?


23.08.2020   3904

Республика таълим марказида Европа, Осиё, Африка минтақаларида таълим дарсликларини нашр қилиш бўйича 30 йиллик тажрибага эга мутахассис Энди Смарт билан видеоконференция ўтказилди.

Энди Смарт Ўзбекистон таълим дарсликлари ва ўқув дастурлари борасидаги ўз фикрини билдирди.

Экспертнинг айтишича, бизнинг таълим дарсликларимиз ўқувчини кўпроқ, ўқитувчига боғлаб қўяди. Уни мустақил ўрганишга ундамайди.

“Мукаммал, сифатли дарслик аслида мавҳум тушунча. Дарслик умумий таълим тизимини муваффақиятли бўлишини белгилаб бермайди. У шунчаки, ҳисса қўшади. Дарсликдан ташқари бошқа муҳим унсурлар ҳам бор. Ҳар бир мамлакатда ўзининг ишлаб чиққан тизими бор ва улар шундан келиб чиққан ҳолда дарсликларни баҳолайдилар. Тизим мамлакат мафкураси, анъаналари ва таълим сиёсатидан келиб чиқиб ишлаб чиқилган бўлади.

Шунинг учун дарслик ўша давлат мезонларидан келиб чиқиб баҳоланади. Бошқа давлат томонидан бу унсурлар турлича талқин қилиниши мумкин. Бугунга қадар бутун дунёдаги дарсликларни баҳолайдиган қатъий ягона тизим ва мезонлар мавжуд эмас. Лекин, мезонларнинг айримларига асосланиб дарсликларга баҳо бериш мумкин. Мисол учун, Сингапур давлатидаги математика дарсликлари ўтган 20-30 йил давомида таълим дунёсида машҳур бўлди.

Кўплаб давлатлар Сингапур ёндашувини ўзларида қўллаб кўришди. 2019 йил охирида Ўзбекистонга келганимда таълим соҳасидаги ўқув дастурлар ва дарсликлар билан озмунча танишиб чиқишга имкониятига эга бўлган эдим. Таассуротларимга келсак, Ўзбекистонда ҳам бошқа марказлаштирилган ўқув тизимига асосланган давлатлардаги каби ўхшашликлар бор. Яъни, бевосита дарсликлар мисолида айтадиган бўлсак, улар кўпроқ ўқувчини ўқитувчига боғлаб қўяди. Гўёки, ўқувчининг тенгдошлари, уни мустақил фикрлаб ўзи ўрганиши ортиқчадек туюлади. Яъни дарсликлар ўқувчини педагокка боғлаб, ягона восита дарсликдек талқин қилинади.Таълим жараёни марказига ўқувчини қўйган ёки аксинча марказга ўқитувчини қўйган ёндашувлар мавжуд.

Лекин, Ўзбекистон дарсликлари марказида асосий эътибор дарсликка ва таълим жараёнининг бутун босқичида ўқувчини мавзуни қандай ёд олганини баҳолашга қаратилган. Ўқувчини танқидий фикрлашга, мустақил мулоҳаза юритишга ундамайди. Мен шундай ҳолатга гувоҳ бўлдим. Лекин, мана эндиликда Ўзбекистонда янги миллий ўқув дастурини ишлаб чиқилмоқда ва бу жараёнда дарсликлар ҳам ислоҳ қилинади”, дейди Энди Смaрт.

Манба: uza.uz