Андижон 24

Ўзбекистон – Хитой: SHENFEN дўстлик кўпригига асос солинди


12.12.2018   1392

Кейинги йилларда республикамизда хорижлик ишлаб чиқарувчилар билан алоқалар мустаҳкамланиб бормоқда. Инвесторларга бўлган эътибор ва яратилган қулайликлар натижасидаинвестиция олиб кириш сурати ўсиб боряпти. Президентимизнинг 2017 йилда Андижон вилоятига ташрифи чоғида тақдимот қилинган Булоқбоши туманидаги “Shenfen-bridge of friendship” МЧЖ шаклидаги Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси қурилиши бунинг бир ифодасидир.



Цемент ишлаб чиқаришга қаратилган лойиҳа қурилишининг бошланишига бағишланган тантана икки давлат ўртасидаги дўстлик муносабатларини ўзида ифода этди. Унда сўз олган вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шуҳратбек Абдураҳмонов дастлаб Булоқбошида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришсуръатининг пастлиги, амалдаги йилнинг ўтган даврида булоқбошиликларнинг вилоятдаги улуши атиги1.4 фоизни ташкил этганлигига йиғилганлар эътиборини қаратди. Чилустун тоғлари ёнбағрида барпо этиладиган янги корхона бу борада катта ўзгаришларга сабаб бўлишини таъкидлади. Лойиҳанинг умумий қиймати 203.9 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Қурилиш ишлари 18 ойда якунланиши кўзда тутилмоқда. Муҳими, бу билан 750 та иш ўрни яратилади.

Корхона ишга тушгач туманда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш хажми 5 маротабага ортади. Йилига қўшимча 20 миллион АҚШ доллари миқдорида экспортни амалга ошириш имконияти яратилади.

Шу ўриндаҳамкор - “Zhejiang Shangfeng Building Materials Co. Ltd” компанияси ҳақида: компания раҳбари Ма Мин Лянгнинг айтишича, Хитойдаги 50 та энг кучли компаниялардан бири сифатида тан олинган бўлиб, 40 йиллик тажрибага эга. Энергия тежамкор ва экологик тоза маҳсулотлари билан танилган. Бош мақсад - Ўзбекистонда номига муносиб дўстлик кўпригини яратиш. Лойиҳа асосан маҳаллий ёшлар биланамалга оширилади. Хитойлик мутахассислар хозирдан биргаликда иш олиб боради.

Цемент заводи билан бир вақтда туманга темир йўл, автомобиль йўли ва коммуникация тармоқлари кириб келади. Бу айни вақтда янги ҳамкорлар ва бошқа турдаги ишлаб чиқариш корхоналаринингташкил этилишига имкон яратади.

Байрамга айланган тадбир якунида томонлар ўртасида ҳамкорлик шартномлари имзоланди, вилоят ҳокими Ш.Абдураҳмонов меҳмонларга эсдалик совғаларини топширди. Шу куни заводнингдастлабки тамал тоши қўйилди.

Акбаржон Назаров.

Азаматжон Тошматов олган суратлар.