ЖАМИЯТ

ЎЗБЕКИСТОН ЭКОЛОГИК ПАРТИЯСИ АНДИЖОН ВИЛОЯТИ КЕНГАШИ МУРОЖААТИ


13.04.2020   2071

Ҳурматли ҳамюртлар!

Улуғ Ватан уруши 1418 кун давом этган. Шундан 900 кун Ленинград қамал ҳолатида яшаган, курашган. Очарчилик шароитида ҳам Илмий-текшириш институтида селекционер олимлар томонидан кашф этилган буғдойнинг тажриба намуналари истеъмол қилинишига йўл қўйилмаган. Буйруқ асосида эмас, келажак авлодга сақлаб қолиш ниятида.

Қайсидир маънода ҳозир биз ҳам қамал шароитидамиз. Кўринмас ёв қуроллангандан ҳам даҳшатли, сабаби уни илғаб ололмаймиз.

Бутун дунёга тарқалган коронавирус пандемияси хавфи кундан кунга кучаймоқда. Шундай шароитда Ўзбекистон Президенти аҳоли саломатлигини асраш, ҳаётини сақлаб қолишга, иқтисодиёт тармоқларининг барқарор фаолият кўрсатишини таъминлашга қаратилган изчил, айтиш мумкинки, фавқулотда чораларни кўрмоқда. Коронавирус оқибатларини юмшатиш борасида вилоятимизда ҳам аниқ режа асосда иш ташкил этилди. Тиббиётчилар, давлат идоралари, ҳуқуқ-тартибот органлари, кўнгиллилар сафарбар қилинди. Турли касб кор соҳиблари бу офатга қарши курашга виждон амри билан ҳисса қўшмоқда.

Қадрли андижонликлар!

Беҳаловат кунларни кечираётган ушбу дамда барчамиздан карантин қоидаларига қатъий риоя этиш талаб қилинади. Бу нафқат мажбурият, балки фуқаролик бурчимиздир. Унга онгли равишда ёндашиб, ўзимизни, оиламизни, яқинларимизни, бутун жамиятимизни сақлаб қолишга бурчлимиз. Таъбир жоиз бўлса, бугун кўчага сабабсиз чиққан - хоин! Сабр қилиб, дуо қилиб уйида ўтирган - қаҳрамон! Ҳозирда ватанпарварликнинг асл мохияти ҳам шунда.

Синов даври барчамизни имтихон қилмоқда. Онгли, тартибли фуқаролармизми, ёки фаровон ҳаётга лойиқ кўрилмайдиган ношукур бандалармизми?

Бас, шундай экан, уйда қолинг! Енгилтаклик қилиб бутун мамлакатимиз зиммасига тушган залворли юкни янада оғирлаштирманг. Ҳамжиҳатлик ва интизом билан бу синовдан биргаликда ўтиб оламиз.

Ўзбекистон Экологик партияси Андижон вилояти Кенгаши.