ЖАМИЯТ

Ўзбекистон давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамини муносиб кутиб олиш ва юксак савияда нишонлаш вазифалари тасдиқланди


02.08.2023   244

Ўзбекистон Президенти «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорини имзолади.

Ҳужжатда Ўзбекистон давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамини муносиб кутиб олиш ва юксак савияда нишонлаш бир қатор тадбирлар белгиланди.

Жумладан, ҳужат билан Ўзбекистон давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича республика комиссиясининг таркиби ва «Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!» деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастури тасдиқланди.

Республика комиссиясига барча ҳудудларда «уч авлод учрашуви» тадбирлари, анжуманлар, адабий-бадиий кечалар, миллий кино кунлари ва бошқа тадбирларни самарали ўтказиш мақсадида атоқли илм-фан намояндалари, маданият ва санъат арбоблари, таниқли спортчилардан иборат тарғибот гуруҳларини ташкил этиш вазифалари топширилди.

Мустақиллик байрами тадбирларини ўтказишда давомида қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилади:

-янгиланган Конституциямиз мазмун-моҳияти ва «Ўзбекистон – 2030» стратегиясининг асосий устувор йўналишлари доирасида белгиланган туб ислоҳотлар ҳақида маҳаллалар, таълим ва меҳнат жамоаларида маърифий учрашув ва суҳбатлар ўтказиш;

-сўнгги йилларда республикамиз иқтисодиётининг барча тармоқларини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва бу борада эришилаётган натижаларни аниқ мисоллар асосида кенг ёритиш;

-«Ҳар бир кун - бу имконият, ҳар бир кун - бу келажак учун пойдевор» деган ҳаётий шиорнинг моҳияти ва аҳамиятини очиб бериш;

-соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият ва санъат, спорт соҳаларини ривожлантириш, нуронийлар, хотин-қизлар ва ёшларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган ижтимоий дастурларга алоҳида эътибор қаратиш ва бошқалар.

Қарорга кўра, Ўзбекистон давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамини муносабати билан ўтказиладиган тадбирлари Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда - тегишли маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳисобидан ташқил этилади.

Тошкент шаҳрида эса Республика комиссияси томонидан тасдиқланган харажатлар сметасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси республика бюджети ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан тенг улушларда молиялаштирилади.