Жамият

Ўзбекистон бўйлаб: «Ҳазрати Имом» (Ҳастимом) мажмуаси


14.11.2017   1424

Юртимиз мустақилликка эришгандан сўнг тарихий ёдгорликлар, зиёратгоҳлар, қадамжоларни қайта тиклаш ва таъмирлаш ишларига эътибор кучайтирилди. Пойтахтимиздаги «Ҳазрати Имом» (Ҳастимом)жоме масжиди шулардан биридир. Ушбу жой Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси ва бевосита раҳбарлигида яратилган лойиҳа асосида юртимиз усталари томонидан 2007 йилда қайтадан сайқал топиб, обод қилинди. Эндиликда «Ҳазрати Имом» мажмуаси яхлит тарихий меъморий ансамбл сифатида юртимизнинг қутлуғ зиёратгоҳларидан бири саналади.

Мажмуани обод қилишда унинг таркибидаги кўҳна ёдгорликларнинг барчасини асл ҳолида қайта тиклашга алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг янги биноси Ҳазрати Имом жоме масжиди, икки улкан минора, “Истиқлол” маҳалла гузари ва бошқа иншоотлар тарихий манзилга ҳар томонлама уйғун ҳолда, шарқона меъморий услуб ва замонавий шарт-шароитларга эга ҳолда барпо этилган.

Ҳазрати Имом жоме масжиди икки минорали, қўш гумбазли улкан иншоотдир. Нафақат пойтахтимизда, балки юртимиздаги энг катта масжидлардан бири ҳисобланади. Унда бир пайтда айвони билан қўшиб ҳисобланса, беш мингдан ортиқ киши намоз ўқий олади.

Хонақоҳининг узунлиги 77 метр, эни эса 22 метр, меҳроби билан қўшиб ҳисобланса, 24 метр келади. Қанотлари ҳам бўйига 35, энига 25 метр катталикда. Эътиборли жиҳати масжиднинг шундай катта хонақоҳи устунсиз кўтарилган.

Масжиднинг икки томонида осмонга бўй чўзган минораларнинг баландлиги 57 метр. Ўнг минора хоразмлик чап минора эса самарқандлик усталар томонидан барпо этилди. Салкам бир ойда ҳад ростлаган миноралар алоҳида мактабларга эга минорасозларнинг мумтоз услублари уйғунлашган ҳолда тикланган.

Бароқхон мадрасаси 1502-1770 йиллар оралигида босқичма-босқич қурилган, кейин яхлит бир иморат шаклини олган. Қадимшунослар асосан уч босқичда қурилганини аниқлашган. Бинонинг биринчи - бўлаги бош пештоқнинг чап тарафидаги номаълум мақбарадир. Услуби самарқандча, XIV аср иккинчи ярмида тикланган. Иккинчи бўлаги 1531-1532 йиллари қуриб битказилган. Гумбази «Бароқхон» ёки «Кўк гумбаз» деб аталган, Суюнчхўжанинг тўнғич ўғли Муҳаммад отаси учун солдирган мақбара Бухоро меъморлиги услубида қурилган. Икки мақбара ораси XVII аср ўрталаригача мозор бўлган. Сўнг қандайдир сабабларга кўра, мозор бузилиб, тимли айвон билан икки мақбара уланган. Тимлар бир қаватлик бўлиб, анъанавий гумбазлар билан ёпилган.

Янги жоменинг шимоли-ғарб тарафида мўъжазгина бир тарихий бино қад ростлаган. Унинг кунчиқарида кичикроқ, кунботарида каттароқ ўймакор ёғоч эшикларию мажмуанинг бошқа гумбазларига ўхшамас ҳаворанг гумбази бор. У - Мўйи Муборак мадрасаси. Мадраса илк бор XV асрда Бароқхон мадрасасининг қаршисида қурилган эди. Айтишларича, Хожа Ахрор Валий то Самарқандга кетгунича, бу ерда бир муддат талабаларга дарс ҳам берган. Бироқ у мадраса бузилиб кетган.

2007 йилда Мўйи Муборак мадрасаси қайта таъмирланиб, машҳур Мусхафи Усмон музей – кутубхонасига айлантирилди. Халифа Усмон (розияллоҳу анҳу) ушбу Мусҳафни ўқиб ўтирган пайтларида шаҳид этилганлар. У кишининг муборак қон доғлари Китоб саҳифаларида сақланиб қолган.

Тилла Шайх масжиди Мўйи Муборак мадрасасининг ғарбида, шундоқ олдида жойлашган. У ўртача катталикда - эни 14 метр, бўйи 17,3 метр. Икки бурчагида иккита бир хил кичкина минорачалар, ўртасида буларга қараганда каттароқ минора жойлашган. Анъанавий меъморчиликда янгилик тариқасида пойдевор 0,85 метрга кўтарилган. Кираверишда тўртбурчак пишиқ ғиштдан қурилган айвонча бор. Масжид ичи тўрт бўлакка бўлингани хонақоҳни баландроқ кўрсатади.

Намозгоҳ масжиди ҳам Ҳазрати Имом мажмуаси таркибига киради. Қаффол Шоший мақбарасидан кирқ метрлар шимоли-шаркда жойлашган. Мутахассисларнинг фикрича, Намозгоҳ, масжиди 1845-1865 йиллари Қўқон хони Худоёрхон даврида қурилган. Унда асосан жума ва ҳайит намозлари адо қилинар эди. Кундалик беш вақт намоз эса Мозорихон, Зарқайнар, Ёв, Ҳалимкўп каби эски маҳаллалардаги кичик масжидларда ўқилган.

Ҳозирда бу жойлар юртимизга зиёратчилар ташриф буюраётган чет эллик сайёҳлар билан гавжум.

Тарихий ва интернет

манбалари асосида Рустамжон Эшонов

тайёрлади.

Муаллиф олган суратлар.