ЖАМИЯТ

ЎЗБЕКИСТОН АРХИВЛАРИ – ЯНГИ ДАВРГА ИЛДАМ ҚАДАМ


25.08.2020   1087

Истиқлол нашидаси маст этади дилларни. Бу кунлар шукуҳига етмоқлик учун бой берилган қанча-қанча буюкларнинг руҳи қўлламоқда халқни. Мустақилликнинг 29 йиллиги арафасидамиз. Бу остонада кўнгилдан ўтганларни қоғозга туширмоққа на вақт етади, на таъриф... Тоғлар қадар юксак, сарҳадсиз уммонлар қадар салобатли бир даврдир ўтган йиллар аслида.

Истиқлол барча соҳаларда бўлгани каби архив ишларида ҳам маълум маънода юксалиш марралари томон қўл узатди. Янги даврга илдам, дадил қадамлар қўйилди. Албатта, тарихнинг асл саҳифалари битикларга муҳрланди.

Хўш, тинчлик, эрк соҳадаги қайси ютуқларга замин бўла олди? Аввало, эскилик омилларидан воз кечилди. Масалан, биргина бино масаласига аҳамият қаратайлик. Олтинкўл давлат архиви мустақилликдан аввал туман марказидаги чоғроққина бинода фаолият юритган. Ўтган йиллар давомида соҳадаги ўзгаришларнинг илк босқичи айни бинода юз очди. Аввалги эски, таъмирталаб бино ўрнини бугун кенг, ёруғ, замоновий жиҳозланган, рақамлаштирилган технологияларга эга кўркам иншоот эгаллади. Иншоотнинг кенг ҳовлисидаги анвойи гуллар, баҳаво табиат, тушлик тайёрлаш ва овқатланиш учун зарурий жиҳозлар, қулайликлар фикримиз исботидир.

Яна бир муҳим жиҳат билан истиқлолнинг имкониятлари тўлароқ намоён бўлади. Авваллари барча архив ҳужжатлари фақат қоғозлар шаклида сақланган. Сўнгги уч йилда эса рақамлаштириш орқали уларнинг барчаси электрон шаклда архив сайтида умумлаштирилди. Эндиликда ҳужжатларнинг босма шакллари бирор тасодиф билан йўқолса ҳам, электрон усулда уни топиш мумкин.

Очиғини тан олиш керак, мустақилликдан илгари ёки истиқлолнинг илк йилларида ҳам компьютер технологиялари билан ишламаганмиз. чунки моддий маблағ етарли бўлмаган ёки бошқа маълум сабаблар бўлган. Айни вақтда эса туман бўлими тўла компьютерлашган тизимда фаолият олиб бормоқда. Ҳатто ўқув курслари ташкил қилиниб, йўналишдаги малакамиз оширилди.

Буларнинг барчаси аслида хамир учидан патир, холос. Хўш, эрк машъалини қўлга киритмаганимизда, шундай қулай ҳаётда яшрмидик? Кимгадир қарамлик билан ўз эркимиздан, ҳатто маънавиятимиздан бир қадар айирдилар. Миллатимиз тарихига чиммат тортишга уриндилар. Энди ўйлаб кўрайликчи, биргина бизнинг архив соҳасида гара истиқлол бўлмаса, миллат руҳини сақлаб қолиш ҳақида гап бўлармиди? Бугунгидай эркин фаолият юрита олармидик? Асло!

Шундай экан, тинчлик бахт қомуси эканини унутмайлик. Мустақилликнинг қадрига етайлик.

Муҳаббат Содиқова,

Олтинкўл туман давлат архиви

2-тоифали архивчиси.