Ўзбекистон

Ўзбек тилини «тушунадиган» иссиқхона


02.02.2018   551

(сурат дизайн ўрнида).

Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети техника йўналишлари бўйича мутахассис кадрлар тайёрловчи етакчи олий ўқув юртлардан бири бўлиш билан бирга фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини амалга ошираётган йирик илмий-тадқиқот маскани ҳамдир.

Университетнинг электроника ва автоматика факультети 3-курс талабаси Азизжон Эргашев “ақлли иссиқхона” деб номланган ихтироси билан кўпчиликнинг эътиборига тушган, -деб хабар беради ЎзА.

У яратган қурилма иссиқхона ичидаги ҳаво ҳарорати ва намлигини ҳамда қуёш ёруғлик даражасини бир меъёрда ушлаб туришга мўлжалланган. Қурилмада ҳарорат ва намликни, ёруғлик даражасини ўлчовчи махсус датчиклар мавжуд. Агар ҳаво ҳарорати тушиб кетса, иситиш печлари автоматик тарзда ишга тушади, агар ҳарорат шунда ҳам меъёрга келмаса, овозли хабар орқали огоҳлантиради. Ҳарорат меъёрда бўлганда эса печлар автоматик ўчирилади. Агар хона ҳарорати меъёрдан ортиб кетса, “ақлли иссиқхона” ойналарини ўзи очади. Шунда ҳам ҳарорат ошиши давом этса, вентиляция тизими ишга тушиб, ҳавони совутиш жараёни бошланади.

Тупроқ намлиги пасайганини аниқлаган қурилма автоматик тарзда суғориш ишларини амалга оширади. Қурилма содда тузилган, ўзбек тилида ишлаб, пульт орқали бошқарилади.