Андижон 24

ЎЗБЕК ТИЛИ ЎЗБЕК ХАЛҚИНИНГ МАЪНАВИЙ МУЛКИДИР, ШУ БИЛАН БИР ҚАТОРДА ДАВЛАТНИНГ БИР РАМЗИ


17.10.2020   890

Мустамлакачилик сиёсатини илгари сурган ҳукмдорлар қай бир мамлакат ҳудудига кириб борса, ўша халқ маданияти, урф-одати ва тилини емириш, ўз маданиятини олиб кириш билан уни бошқаришга интилган. Бу бутун бир қўшин билан амалга ошириш мумкин бўлмаган ишни уддалаш дегандек гап.

Ўзбекистон Республикасида 1989 йил 21 октябрда қабул қилинган қонун шундай тартибни йўлга қўйдики, унда на бир миллат тили ва на бир халқ манфаати камситилмади. Тил миллатнинг улкан бойлиги ва бебаҳо мулкидир. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшовчи барча фуқаролар, қайси тил уларнинг она тили эканлигидан қатъи назар, тенгдирлар.

Ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши республикада яшовчи бошқа миллат ва элатларнинг ўз она тилларини қўллашдан иборат конституцион ҳуқуқларига монелик қилмайди.

Қонуннинг илк моддаларида айни шу фикрлар келтириб ўтилган. Бу билан юртимизда яшовчи ҳар бир миллат вакиллари ўзбек тили билан бир қаторда ўз она тилида ҳам сўзлаш, таълим олиш ҳуқуқига эга эканлиги кўрсатиб ўтилди.

Ўзбекистон Республикасида яшайдиган ҳар бир шахснинг давлат, жамоат идоралари ва ташкилотларига иш юзасидан таклиф, ариза ҳамда шикоят билан давлат тилида мурожаат этиш ва жавоблар олиш ҳуқуқи таъминлангани, шу билан бирга Ўзбекистон Республикасида давлат тилига ва бошқа тилларга менсимай қараш тақиқланиши кўрсатиб ўтилган.

“Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисида”қонуни ҳар бир фуқарога ҳақ-ҳуқуқ билан бир қаторда мажбуриятларни ҳам юклади. Аввало, ўзбек тилининг Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида давлат тили сифатида амал қилишининг ҳуқуқий асосларини белгилаб, унинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаётнинг барча соҳаларида амал қилишини таъминлашини, ўзбек адабий тилининг мавжуд илмий қонун-қоидаларига тўла риоя этилиши лозимлигини кўрсатди.

Ўзбек тили ўзбек халқининг маънавий мулкидир, шу билан бир қаторда давлатнинг бир рамзи.“Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинганлигига 31 йил тўлмоқда. Ўзбек тилига нисбатан ҳурмат, эҳтиром, энг муҳими ғурур ва ифтихор туйғусини айнан 21 октябрь куни арафасида эмас ҳар куни, ҳар бир инсон ўз оиласи даврасида фарзандлари онгига сингдирмоғи керак.

М.АХМЕДОВА.

Андижон вилояти божхона бошқармаси