Спорт

«Ўзбек шашкаси» ихтиро қилинди


16.01.2018   915

Наманганлик тадбиркор Улуғбек Ирисбоев янги шашка ўйинини ихтиро қилди.

Бу ҳақда маълум қилган ЎзА хабарида ёзилишича, 1972 йилда туғилган Улуғбек болалигидан шахмат-шашка ўйнашга қизиқар, ўқувчилик йилларида ушбу спорт тури бўйича мактаб, туман, вилоят миқёсидаги мусобақаларда ғолибликни ҳеч кимга бермас эди.
Норин туманидаги Дўмар қишлоғида яшовчи изланувчан ва истеъдодли бу инсон 2012 йилда оқ ва қора катакларда бирдек ўйналадиган шашка яратиш устида изланишни бошлади. Орадан уч йил ўтиб, шашка тошларининг юриш қоидаларини, бешинчи йилга келиб эса ўйин қоидаларини такомилига етказди ва шашка тарихида янгилик яратди. Унинг айтишича, ғояни амалга оширишда вилоят ҳудудий инновация фаолияти ва технологиялар трансфери маркази раҳбари, техника фанлари доктори, профессор Рустам Муродовнинг маслаҳат ва тавсиялари муҳим ўрин тутган. Ўқувчи қизи ва жиянлари янги қоидалар яратишга ёрдам беришган. Улуғбек ихтироси маҳсулини “Ўзбек шашкаси” деб номлашга қарор қилган.

Ўйин 14 дан юқори ёшдагиларга мўлжалланган бўлиб, тўрт хил ўйналади. Оқ тош оқ катакда, қора тош қора катакда ёки аксинча ўйналиши мумкин. Ўйинлар асло бир-бирига тўғри келмайди. 100 партия ўйин 100 хил усулда ўйналади.

-Биз яратган шашканинг анъанавийсидан фарқи шундаки,-дейди у.- ғолибни бир партияда аниқлаб бўлмайди, ғолиблик ёки мағлублик масаласи иккинчи партиядагина ҳал бўлади. Ўйинлар махсус тахта ва тошларда амалга оширилади.

Улуғбек Ирисбоев ва унинг ассистентлари янги ихтиролари учун муаллифлик ҳуқуқи гувоҳномасини қўлга киритди.