Спорт

Ўзбек полвонлари жаҳон профессионалларига қарши


16.06.2017   1631

Андижон қўл жанги бўйича профессионал жангчиларнинг чемпионлар лигасига мезбонлик қилади. Жаҳон терма жамоаси мамлакатимиз полвонлари билан 6 вазн тоифаси (60, 65, 73, 75, 85, Қ90) да куч синашадилар.

Мусобақалар вилоят ҳокимлиги ва республика қўл жанги федерацияси ташаббуси билан ташкиллаштирилмоқда. У катта шоу сифатида Андижон шаҳридаги «Соғлом авлод» ўйингоҳида ўтказилади. Замонавий ёритиш воситаларидан кенг фойдаланилади. Гала концертда Озодбек Назарбеков, Ботир Қодиров каби эстрадамиз юлдузлари «Ялла» ансамбли, таниқли сўз усталари ва раққосаларнинг чиқишлари кўзда тутилган.

– Чемпионлар лигаси жангларини айнан Андижонда ўтказилиши бежиз эмас, – деди Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари қўл жанги федерацияси вилоят бўлимининг ижрочи директори Рустам Каримов. – Спортнинг мана шу жанговор тури бўйича жаҳон ва Осиё чемпионлари халқаро турнирлар ғолиб ва совриндорлари Жавлон Йўлдошев, Раҳмон Нишонбоев, Азиз Жунайдуллаев, Сардор Эркинов, Отабек Турғунов каби полвонлар вилоятимиз вакилларидир. Чемпионлар лигаси жангларида андижонлик Сардорбек Содиқов 65 кг. вазн тоифасида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилади.

Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, жаҳон терма жамоаси сафида Россия Федерацияси, Белоруссия, Қозоғистон ва Тожикистондан келган қўл жанги усталари ғолиблик учун майдонга чиқадилар.

Қисқаси, (1 июль) куни Андижон шаҳридаги «Баркамол авлод» ўйингоҳига келганлар муросасиз жанглар, ажойиб концерт дастури ва тунги чироқлар ўйинларидан бир олам завқ оладилар.

З. Сиддиқов.