Андижон 24

«Ўзбегим» энди Хонобод шаҳрида


06.04.2018   2895

Мамлакатимиз Президенти Ш. Мирзиёев раҳнамолигида сўнгги йилларда аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, сервис, маиший ва савдо хизмати кўрсатиш сифатини халқаро андозалар даражасида ташкил этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Бу борадаги тадбирлар изчил давом эттирилмоқда.

2017 йил 2 июнь куни Юртбошимизнинг Андижонга ташрифи давомида Хонобод шаҳрига алоҳида эътибор қаратилиб, унда туризмни ривожлантириш ва шаҳарни қайта тиклаш бўйича бир нечта топшириқлар берган эди. "Ўзбегим" савдо ва кўнгилочар марказининг қурилиши шулар жумласидандир.

Хонобод шаҳрида фаолиятини бошлаган "Ўзбегим" савдо ва кўнгилочар маркази "Хонобод Андижон Файзи" МЧЖ томонидан 6 ойда қуриб битказилди. Бинони қуриш ва жиҳозлаш учун 10 миллиард сўм миқдорида маблағ сарфланди.

Тадбирда вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов сўзга чиқиб, йиғилганларни қутлади.

Уч қаватли замонавий мажмуада озиқ-овқат, саноат маҳсулотлари, дори-дармон, кийим-кечак, маиший жиҳозлар билан савдо қилувчи супермаркет, ресторан ва кафелар, кинозал, болалар аттракционлари, тиббиёт хоналари жойлашган.

Бир вақтнинг ўзида 1 минг 500 кишига хизмат кўрсатиш имкониятига эга янги мажмуада 100 та иш ўрни яратилди.

– Шундай муҳташам, замонавий савдо маркази шаҳримизда қурилганидан жуда ҳам хурсандмиз, – дейди фуқаро Муслимбек Муталипов. – Бугун фарзандларимиз билан биргаликда ҳам харид қилиб, ҳам дам олиб юрибмиз.

Рустамжон Эшонов.

Муаллиф олган суратлар.