ЖАМИЯТ

ЎЗ ВАЗИФАЛАРИНИ СИДҚИДИЛДАН БАЖАРИШМОҚДА


19.05.2020   618

Шаҳрихон тумани Андижон вилоятида энг кўп аҳолига эга туманлардан. Бугунги кунда Шаҳрихонда 43 мингдан ортиқ суюлтирилган газ истеъмолчилари мавжуд. Туман аҳолисига “Шаҳрихонтумангаз” филиалидаги 7 та махсус автотраснпортлар орқали хизмат кўрсатиб келинмоқда. Бугунги кунда истеъмолчиларда жами 59 минг 390 дона маиший газ баллонлари мавжуд бўлиб, шулардан 46 минг 271 таси шартнома асосида тарқатилган. Истеъмолчиларнинг маиший газ баллонлари билан таъминланганлик даражаси эса 135 фозини ташкил этмоқда.

“Туманимизда аҳоли зич бўлганлиги учун ҳам меҳнатни кўпроқ қилишга тўғри келади, дейди чилангарлардан бири Лазизбек Абдураҳмонов. – Карантин даврида ҳам истеъмолчиларга ўз вақтида газ етказиб беришга ҳаракат қилаяпмиз. Муҳими, аҳоли уйида етишмовчилик бўлмасин, хавотир олишга асос йўқ. Биз эса ўз вазифамизни бажараяпмиз, холос”

“Наврўз” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам 600 га яқин хонадон бор. Истеъмолчиларнинг айтишича, маҳаллага суюлтирилган газ ҳозирда бир ойда бир келмоқда экан. Маҳаллага ташриф буюрганимизда газ баллонларни бир жойда тўплаб эмас, балки ҳам бир истеъмолчи ўз дарвозаси олдига олиб чиққанини гувоҳи бўлдик. Демак, ушбу МФЙда маиший газ баллонларини “айланма” усулида алиштиришда тартиб йўлга қўйилган.

“Маҳалламизга суюлтирилган газ ўз вақтида етказиб келинади. Ҳар ойда бир марта машина келишини фуқароларимиз ҳам биладилар. Йигитларнинг назорат тарозилари ишлаб турибди. Ҳохлаганларга тарозидан ўтказиб беришади. Худога шукр, ҳали ҳеч бир маҳалладошимизни нолиганини эшитганим йўқ,” -дея суҳбатни якунлади МФЙ раиси Файзулло Абдураҳмонов.

Бугун Шаҳрихоннинг ҳар бир маҳалласида суюлтирилган газ етказиб беришда тартиб ўрнатилгани қувонарли ҳол. Чилангар ва ҳайдовчилар карантин қоидаларига амал қилишмоқда. Ниқоб ва қўлқоплар билан таъминланишган, ижтимоий масофага амал қилишмоқда. Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, суюлтирилган газ етказиб беришда газ таъминоти филиали ходимлари ўз вазифаларини тўлақонли бажаришмоқда.

“Ҳудудгаз Андижон” МЧЖ матбуот хизмати