Жамият

ЎЗ ВАҚТИДА ЭМЛАШ “А” ГЕПАТИТИНИНГ ОЛДИНИ ОЛАДИ


12.09.2019   22

Сўнгги йилларда мамлакатимизда болаларни турли юқумли касалликлардан ҳимоя қилиш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Барча тиббиёт муассасаларида турли инфекцияларга қарши кўплаб эмлаш турлари тақвим асосида олиб борилмоқда. Хусусан “А” гепатити касаллигига қарши эмлаш ишларига алоҳида эътибор қаратилган. Сайтимиз орқали сиз азизларга “А” гепатити ҳақида қисқача маълумот беришга ҳаракат қилдик..

“А” гепатити қандай касаллик?

Ушбу хасталик инсонлар орасида энг кўп тарқалган юқумли вируслардан ҳисобланади. Кўпинча санитария-гигиена қоидаларига риоя қилмаслик оқибатида келиб чиқади. Аксарият ҳолларда унинг ҳаво заррачалари орқали тез тарқалиши ҳам кузатилган. Ушбу касаллик халқ тилида “сариқ” касаллиги ҳам деб юритилади. “А” гепатити ўткир юқумли касаллик бўлиб, уни энтеровирус келтириб чиқаради ва касаллик жигар тўқимаси ва унинг ҳужайраларининг зарарланиши билан кечади. У асосан болаларда кўпроқ учрайди. Инфекция манбаи касалликка чалинган беморлар ҳисобланади.

Ювилмаган ва кир қўллар билан овқатланиш, транспорт воситалари тутқичларини ушлаш ёки ҳожатхонадан фойдалангандан сўнг қўлларни ювмаслик оқибатида бу хасталик келиб чиқади. Қайнатилмаган сув ёки тоза ювилмаган сабзавот маҳсулотларини истеъмол қилганда вирус меъда-ичак тизимига оғиз бўшлиғидан тушади. Кейин у қонга сўрилади. Қон орқали эса жигарга ўтади ва бу аъзонинг барча ҳужайраларини зарарлайди. Натижада жигар фаолиятида салбий ўзгаришлар кузатилади.

Агарда сиз ёки оила аъзоларингиз “А” гепатитига қарши вакцина билан эмланган бўлсангиз бу касалликнинг юқиш хавфи батамом бартараф этилган бўлади.

Бу эмлаш турининг фойдали хусусияти

Ҳозирги кунда аҳоли ўртасида шифокорлар томонидан эмлаш “А” гепатит хасталигига қарши энг фойдали ва ишончли воситалардан бири деб тарғиб қилинмоқда. У гепатитдан юз фоиз ҳимоя воситаси деб топилди. Бу вакцина иммун тизими фаолиятини юқори даражага кўтариб беради. Бир йилда икки марта, яъни ҳар олти ойда “А” гепатитига қарши эмланган одам бу касалликка чалинмайди. Ҳозирда юртимизда бир маротаба олинадиган вакциналар ҳам бор. Уни қабул қилгандан сўнг икки ҳафтадан кейин организмда ҳимоя функцияси ишга тушади. Инсон организмида вирус қонга тушгандан сўнг антитанача туфайли тарқалмай нормада туради. Агар организмда ҳимояловчи антитанача бўлмаса, вирус қонга тушиб гепатит хасталиги ривожланади.

Юртимизда вакцинани икки хил туридан фойдаланилмоқда. Бельгия давлатидан келтирилган мазкур вакцина билан фуқаролар бир йилда икки марта, ҳар олти ойда эмланади. Хитой мамлакатидан келтирилган эмлаш дори воситасини эса бир марта олишнинг ўзи кифоя қилади. Вакцина организмда бир ой ичида тарқалади ва ижобий таъсир қила бошлайди.

Иномжон АБДУРАҲМОНОВ,

Иммунизацияни тарғиб қилиш бўйича ҳудудий бўлим менеджери