ЖАМИЯТ

ЎЗ БОЛАСИНИ СОТГАН АЁЛНИ ЖАМОАТЧИЛИККА ОЛИБ ЧИҚИШ ВА ИЗЗА ҚИЛИШ — ТАНЗИЛА НОРБОЕВА БУНГА НИМА ДЕЙДИ?


11.08.2019   903

Йил бошидан ҳозиргача Ўзбекистонда ўз фарзандини сотган 23 та ҳолат кузатилган. Нега жамиятимизда шундай муаммолар учрамоқда? Мутасаддилар мазкур масалаларга чора кўряптиларми? Олий Мажлис сенати раиси Танзила Норбоева ушбу муаммо юзасидан ўз муносабатини билдирди.

“Ўз боласини сотган аёлни жамоатчиликка олиб чиқиб, изза қилиш тўғри деб ўйламайман. Авваламбор, ўз боласини сотган аёлнинг ижтимоий психологик ҳолати ўрганилиши лозим. У қаттиқ тушкунликка тушганми, шунчалар оғир ижтимоий аҳволда қолганми? Бундай қийин аҳволга тушган аёл билан индивидуал тарзда гаплашилиши, унинг муаммолари ўрганилиши лозим. Ҳатто уруш йилларида ҳам одамлар ўз фарзандларини олиб чиқиб сотишмаган. Менинг назаримда, ишсизлик ва пулсизлик ҳам ўз фарзандини сотишгача олиб бормаслиги керак. Бугунги кунда оғир аҳволда қолган ёки ёлғиз фарзанд катта қилаётган аёлларга ёрдам кўрсатиш ва уларни иш билан таъминлаш учун барча зарур чора тадбирлар кўрилмоқда”.

Мазкур муносабат Халқаро пресс-клубнинг “Ўзбекистонда одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашишнинг янги тизими: халқаро ҳамкорлик, устивор вазифалар ва муаммолар таҳлили“ мавзуида ўтган мулоқотда билдирилди.

Манба:ЎзА