ЖАМИЯТ

Уйда келган илҳомлар: ТАБАССУМ ҚИЛИНГ ВА КУЛИНГ ЖИЛМАЙИНГ!


09.04.2020   5539

Юзга кирмоқчисиз, биламан, дўстим,

Киринг юзга, майли, тилагим шудир!

Сизни шод кўрганда, бўйларим ўсди,

Бугун сўзимда йўқ, ҳеч гина, гидир -

Яшайин, десангиз, андуҳ билмайин,

Табассум қилинг ва кулинг, жилмайинг!

Майлига, кимлардир тош отар тинсиз,

Бошқаси чуқурлар қазир дамодам.

Беайб - Парвардигор, улар ҳам одам,

Дўст бўлсин десангиз рақибнинг, кинсиз

Ҳақига дуолар қилинг тинмайин,

Табассум қилинг ва кулинг, жилмайинг!

Дунёнинг камларин тўлдириб бўлмас,

Мерос қолган-ку у Одам Атодан!

Дейдилар: “Йўқни ҳеч йўндириб бўлмас”,

Ахир, ҳолимасмиз камлик, хатодан -

Яшамоқ бўлсангиз, камлик кўрмайин,

Табассум қилинг ва кулинг, жилмайинг!

Ҳаётда омадсиз бўлсангизагар,

Меҳнат-ла зафарлар қучасиз бир кун.

Майли, сочилмасин бошингиздан зар,

Ўтган умрингиздан яшанг сиз мамнун –

Ҳаммадан бахтлироқ бўласиз тайин,

Табассум қилинг ва кулинг, жилмайинг!

Савоб ишга ҳар кун бел бойланг маҳкам,

Элни кўкартирар кўпнинг дуоси.

Яхшилик-ла ҳар дам имон мустаҳкам,

Нажмиддин Икромнинг шу илтижоси –

Эзгуликдан қалблар тортаркан майин,

Табассум қилинг ва кулинг, жилмайинг!

Мудом йироқ бўлсин хасад сиз-биздан,

Қадимдан дейдилар торга тор дунё.

Кўнгилни кенг қилинг, нур ёғиб юздан

Қучоқ очганга кенг,беғубор дунё -

Кўнгли торларга сиз парво қилмайин,

Табассум қилинг ва кулинг, жилмайинг!

Нажмиддин ИКРОМИЙ.