Бугуннинг гапи

УЙ-ЖОЙ КОММУНАЛ ХИЗМАТ КЎРСАТИШ ВАЗИРЛИГИ БЎСТОНДА САЙЁР ҚАБУЛ ЎТКАЗДИ


25.10.2019   233

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бўстон туманидаги халқ қабулхонасида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан аҳолининг мурожаатлари юзасидан сайёр қабул ўтказилди. Бу ҳақда Андижон вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси ахборот хизмати хабар бермоқда.

Ўтказилган сайёр қабулларда жами 97 та фуқаро иштирок этишди. Қабулда 34 та мурожаат келиб тушди шундан, 24 нафар фуқароларнинг мурожаати жойида ҳал этилди, мурожаатларнинг 8 тасига тушунтириш берилди. 2 та қабул қилинган мурожаатлар назоратга олиниб, кўриб чиқилмоқда.

- Улуғнор туманидаги Шаҳристон МФЙда амалга оширилган ишлар натижасида бир пайтлар қаровсиз қолган ҳудудимизнинг шаҳардан фарқи қолмади,-дейди Улуғнор туманининг “Ўзбегим” кўчасидаги 16-кўп қаватли уйнинг 12-хонадонида яшовчи Гулсибахон Рўзиева. –Ҳаммаси рисоладагидек, фақат иситиш тизими масаласида амалий ёрдам керак. Туманимизда 31 та кўп қаватли уй бўлиб, уларда иситиш тизими жорий этилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Тан олиш керакки, аксарият муаммоларнинг жойида хал этишнинг иложиси йўқ. Жумладан, Улуғнор туманидаги кўп қаватли уйларда иситиш тизимини жорий этиш ҳам йиллар давомида босқичма-босқич амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, сайёр қабул давомида мурожаатчиларга бу ҳақида тушунтирилди.

Туманда олиб борилган кенг миқёсдаги ободонлаштириш ишлари жараёнида кўп қаватли уйлар атрофидаги ноқонуний қурилмалар бузиб ташланди.

-Лекин турар-жойимиз ҳудудида нон ёпиш учун тандирхоналар қуриб берилди, - дейди “Обод қишлоқ” ширкатлар уюшмасининг раиси Азизахон Мирзаева. –Жумладан, бизнинг ширкатлар уюшмасига қарашли 16 та кўп қаватли уйда ҳам ўзбекона урф-одатларимизга риоя қилиш учун барча шароитлар яратилган. Бироқ, тандирга қалашимиз керак бўлган ўтинни қаерда сақлаймиз? Уйимизнинг орқа қисмида омборхона қурса бўладиган ер майдони бор. Шу жойда қурилиш бунёд этиш учун рухсат берилса, ўзимиз шаҳарсозлик қоидаларига амал қилган ҳолда омборхоналар қурилишини амалга оширган бўлар эдик.

Бўз туманининг “Маданият” МФЙдаги Ҳамид Олимжон кўчасида жойлашган 147-кўп қаватли уй бир пайтлар коллеж ётоқхонаси бўлган. Айни пайтда бино уй-жойга муҳтож оилаларга турар-жой мақсадида берилган. Қонуний тартиблар асосида расмийлаштирилган хонадонларда уй соҳиблари канализация тармоғини мустақил тарзда қўлбола усулда тортиб олганликлари бугунги кунга келиб муаммони юзага келтирмоқда.

-Умумий канализация тармоғини тортишнинг имкони бормикин?,-дейди ушбу уйда истиқомат қилувчи Динара опа Қодирова. –Қолаверса, ичимлик сувини ҳам маълум масофадан ташиб ичмоқдамиз.
-Ушбу ҳудудда “Обод қишлоқ” давлат дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳали ниҳоясига етгани йўқ,-дейди Бўз тумани “Сувоқава” ДУК раҳбари Жасурбек Садиров. -Дастурга биноан 6 км. масофага янги сув қувури тортилиб, 1 та сув насоси ўрнатилди. 15 кун муддат ичида 350 метр масофага қўшимча сув қувури тортилиши натижасида 147-кўп қаватли уйнинг ичимлик суви масаласидаги муаммоси ижобий ечим топади. Канализацияни марказий тармоққа улаш кейинги йиллар дастурига киритиш юзасидан таклифлар киритилган бўлиб, унга қадар объектни ўз вақтида тозалаб туриш орқали аҳолига қулайлик яратиш имкони мавжуд.

Сайёр қабул давомида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ўз миннатдорчилигини билдиргани келганлар ҳам бўлди.

-Бундан уч-тўрт йил Бўстонга келган киши сўнгги йилларда мисли кўрилмаган ўзгаришлар юзага келганлигини эътироф этиши табиий, - дейди “Тинчлик” кўчасида истиқомат қилувчи Маъруфжон Ҳайдаров билан Дилшодбек Юнусовлар. – Айни пайтда кўчаларимиз асфальтланди, симёғочлар алмаштирилиб, тунда ҳам чароғон ҳудудга айланди. Ичимлик сув масаласида ҳам муаммомиз йўқ. Барча шароит яратилганидан кейин бизга фарзандларни одобли қилиб тарбиялаш, маҳалламизни обод асраш қоляпти, холос. Барчаси учун маҳаллий ҳокимликларга, мутасаддиларга миннатдорчилик билдирамиз!

Бир пайтлар сайёр қабулларда чексиз навбат кутиб, муаммосига ечим излаб келган одамлар бугун юзида табассум билан, камчиликлардан холи маҳалласидан ғурурланиб, раҳмат айтишининг ўзи республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз мевасини бера бошлаганидан далолатдир.

Шу куни сайёр қабулда Улуғнор ва Бўз туманидан ташриф буюрган 36 нафар фуқаролардан 22 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 17 таси жойида ижобий хал этилди. 5 нафар фуқаронинг мурожаати юзасидан тушунтиришлар берилди.