Жамият

ЎТ БИЛАН ЎЙНАШМА...


26.10.2019   183

Халқимиз болажон. Фарзандларимизни суйиб, эркалаб вояга етказамиз. Оқни – оқ, қорани – қора, деб ўргатамиз. Яхши-ёмонни фарқига бориши учун аждодларимизнинг тарбия усулларидан фойдаланимиз. Турли хавф-хатар, кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида доимо тушунтириб борамиз. Бироқ...

Баъзи бир оилаларда ота-оналар, катталарнинг эътиборсизлиги туфайли болаларнинг гугурт ўйнаши ортидан келиб чиқаётган ёнғинлар ташвишланарли. Шу йилнинг 13 сентябрь куни Пахтаобод тумани Янги чек маҳалласидаги хонадонларнинг бирида ёнғин келиб чиққани ҳақидаги хабар туман ёнғин-қутқарув хизматига келиб тушди. Зудлик билан етиб борган гуруҳ ёнғинни авж олмасидан баратраф этишга эришди. Зарар ҳисобланганида молхонанинг 35 метр квадрат том қисми ёнганлиги маълум бўлди. Ёнғин сабаби эса ёш боланинг гугурт ўйнаши.

Ҳудди шу каби ҳолат 21 сентябрь куни Тошқўрғон маҳалласидаги хонадонларнинг бирида ҳам такрорланди. Унинг оқибатида молхонанинг 25 метр квадрат том қисми зарарланган.

Юқоридаги икки мисол ота-оналардан болалар тарбиясида ҳушёрликни ошириш зарурлигини кўрсатмоқда. Ўт билан ўйнашишнинг оғир оқибатлари ҳақида тушунчалар бериш, хонадонда ёнғинга сабаб бўлиши мумкин бўлган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш оила катталарининг вазифасидир.

Шу кунларда ҳаво ҳарорати тушиб бормоқда. Бу эса иситиш воситаларига бўлган эҳтиёжни оширади. Аҳоли яшаш хонадонларида ёнғинларнинг олдини олиш мақсадида суҳбат ўтказган ёнғин профилактикаси ходимларининг йўл-йўриқларига амал қилиб, мавсумга кўнгилдагидек тайёргарлик кўрган оилалардан нохушликлар узоқроқ бўлади. Янада хотиржам бўлиш учун газ, электр, ёнғинга қарши курашиш жамияти мутахассисларини жалб этиб, жиҳоз, мўрикон, симларни кўрикдан ўтказиш ва носозликларни бартараф этиш фойдадан ҳоли бўлмайди.

Санжарбек Шерматов,

Туман ФВБ ЁХБ ЁН ва ПБ бошлиғи