ЖАМИЯТ

«ЎСИМЛИКЛАР КАРАНТИНИ» НИМА ЎЗИ?


31.10.2020   1704

«Карантин» сўзи лотинчадан таржима қилинганида «Чилла» деган маънони англатишини яхши биламиз. Шундай бўлгани ҳолда «Ўсимликлар карантини» деганда нимани тушуниш керак? Андижон вилояти Ўсимликлар карантини ҳудудий инспекцияси томонидан ўтказилган пресс-тур ва матбуот анжуманида бу каби саволларга жавоб олинди.

— Республикамизнинг хориж давлатлари билан ипморт-экспорт фаолиятини ташкил этишда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг аҳамияти жуда катта, — дейди вилоят инспекция Ахборот хизмати раҳбари Зайнобиддин Қодиров. — Зеро, вилоятимиз асосан аграр соҳага ихтисослашгани боис ўсимликларда учрайдиган касалликларнинг олдини олиш, уларга қарши курашиш, турли зараркунандалардан ҳимоя қилиш муҳим масала ҳисобланади. Бир сўз билан айтганда, инспекциямиз республикамизга ва республикамиздан ташқарига зарарли ва заҳарли касалликларнинг кириб келиши, шу билан бирга чиқиб кетишининг олдини олиш учун хизмат қилади.

Медиа-тур давомида инспекцияда яратилган шароит билан яқиндан танишилган бўлса, Матбуот анжуманида амалга оширилган ишлар тафсилотига тўхталинди. Маълум бўлишича, жорий йилнинг ўзида мамлакатимиздан чет давлатларга қишлоқ хўжалиги, техник маҳсулотлар ва бошқа товарлар бўйича 79216,2 тонна маҳсулот экспорт қилинишига эришилди. Шу билан бир қаторда импорт бўлиб кириб келган 28402,9 тонна у ёки бу турдаги товарлар тўғрисида маълумотлар берилди.