Андижон 24

ЎН ОЛТИТА МАҲАЛЛАДА НАМУНАЛИ САЙЛОВЛАР БЎЛИБ ЎТАДИ


30.04.2019   1172

Олий Мажлис Сенати Кенгашининг “Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги (2019 йил 15 февраль)қарорига мувофиқ, бугун фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайлови бошланди. Вилоятимиздаги 880 та маҳаллада бу жараёнга қизғин тайёргарлик кўрилган.

Бу ҳақда сайловни ташкил этиш ва ўтказиш ҳамда олиб борилаётган ишлар таҳлили бўйича вилоят штаби раҳбари Кенжавой ШАМШАТОВ шундай дейди:

Бугун вилоятимизнинг 16 та шаҳар ва туманларидагибиттадан фуқаролар йиғинларида – Андижоншаҳридаги Маориф (24-мактаб биносида),Андижон туманидаги Нўхатак (Оқёр касб-ҳунар коллежида), Асакада Камолот (маданият саройида), Балиқчида Чортепа (18-мактабда), Булоқбошида Шарқ юлдузи (маданият саройида), Бўзда Ғолиб, (6-мактабда), Жалақудуқда Далварзин (40-мактабда), Избосканда Марказ (2-мактабда), Марҳаматда Юқори равот (13-мактабда), Олтинкўлда Кўмакай (13-мактабда), Пахтаободда Терактаги (маданият саройида), Шаҳрихонда Намозгоҳ (4-мактабда), Хонободда Юксалиш (2-мактабда), Хўжаободда Чинбулоқ (9-мактабда), Улуғнорда Шаҳриобод (маданият саройида), Қўрғонтепада Янгиҳаёт (4-мусиқа ва санъат мактабида) намунали сайловлар ташкил этилади.

Сайловларни самарали ташкил этиш ва ўткказиш учун ҳудудий кенгашлар ҳамда бу тадбирни амалга оширишга кўмаклашувчи ҳудудий комиссиялар, ишчи гуруҳлари аниқ режа асосида иш олиб бордилар. Асосий диққат-эътибор жараённинг шаффофлиги, қонунийлигини таъминлашга қаратилган. Барча техник ва тартиб-таомилларасосида тайёргарлик кўрилган. Белгиланган биноларда хавфсизликни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ҳамда тез тиббий ёрдам хизмати ташкил этилади.

Сайлов бўйича йиғилиш ишчи гуруҳи раҳбари раислигида ўтказилади. Кун тартибига қуйидаги масалалар киритилади: саноқ комиссиясини сайлаш; фуқаролар йиғини раисини сайлаш. Иш регламенти (номзодларнинг маърузалари, уларнинг муҳокамаси, савол-жавоблар учун вақт) белгиланади. Номзодлар маърузаси алифбо тартибида ўтказилиб, улар келгуси фаолияти дастурини эълон қиладилар. Ошкоралик, муқобиллик, тенг сайлов ҳуқуқи принциплари асосида амалга ошириладиган сайловларда фуқаролар йиғинлари раислари яширин овоз бериш орқали сайланадилар.

Бу йилги сайловлар аввалгиларидан фарқ қилади. Янги таҳрирда қабул қилинган “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, сайловчиларимиз муносиб фаолият кўрсата оладиган раисларни 3 йил муддатга сайлайдилар.

Эртадан, яъни 2 майдан бошлаб ҳар бир сектор ҳудудидаги биттадан фуқаролар йиғинида жараён давом этади. “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида” ги Қонуннинг 30-моддасига мувофиқ, бир ой ичида фуқаролар йиғини кенгашини шакллантириш, фуқаролар йиғини раиси маслаҳатчилари, йиғин фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссиялари ва тафтиш комиссиясини сайлаш юзасидан вакиллар йиғилишлари ўтказилади.

Гулжаҳон ЖАББОРОВА

ёзиб олди.