ЖАМИЯТ

УЛУҒ МИЛЛАТНИНГ БУЮК ФАРЗАНДИ


30.01.2019   1172

Халқимизда инсоннинг қандай шахс бўлиб етилиши унинг исми шарифиданоқ билинади деган гап бор. Дархақиқат Биринчи Президентимиз И.Каримовнинг исми шарифу ота исмида ҳам Аллоҳнинг сифатлари эсланганди. У Алишер Навоийдек сўз султони, Бобурдек буюк сиёсат арбоби қатори бир бурж остида таваддуд топган эди. Балки шунинг учун ҳам сўзи ўткир, юраги йўлбарсдай довюрак, нигоҳи салобатли бўлгандир?

Алломалар ватани, Қуббат-ул-Ислом яъни Ислом дини қуббаси, чўққиси дейилган Ватан аҳлини илмсиз омига чиқарилаётганда фақат у баралла ”Бизни илмсизга чиқараётганларни ота-боболари оёғига латта бойлаб юрган пайтда, менинг боболарим юлдуз санаган” - дейишга журъат этадиган даражада довюрак эди. Тарихчилар бесабаб Ислом Каримовни Амир Темурга қиёслашмайди. Ўзига бек, бир неча минг йиллик тарихга эга бу халқни милоддан аввалги даврларми, араб босқинию хонликлар давридан то ҳозиргача ягона мустақил давлатга бирлаштира олган шахслар иккитадир. Булар Амир Темур ва Ислом Абдуғаниевичдир.

Ислом Абдуғаниевич давр тегирмонида Ўзбекистон номи янчилиб, харитада ўзга халқлар тополмайдиган даражага етган бир мушкул паллада раҳбарликни қўлга олиб, буюк мақсадлар қўйган ва шунга ҳаракатни ҳам жону-дилидан қилган эди. Атиги бир ҳафта - ўн кунлик буғдойи қолган ватанини мустақил деб эълон қилишга журъати етган шахс эди. Ислом Абдуғаниевич раҳбарлигида харитадан топиб бўлмас,улуғ алломалари унутилган,ўзига ишончи йўқолган ЎЗБЕК ҳалқи иккинчи бор дунёга келди. Собиқ СССРда энг ночор, она ва бола ўлими юқори мамлакат фарзандлари дунё соғломлик стандартларига тўла мос келувчи давлатлар ўнлигига кирди.

Ислом Абдуғаниевич раҳбарлигида Ўзбекистон 200 дан ортиқ давлатлар ичида олтин заҳираси бўйича (4-), пахта толаси ишлаб чиқаришда (4-), қоракўл олий терилари ишлаб чиқаришда (2-), пахта толаси экспортида (3-), армия қудрати бўйича (39-), аҳоли сони бўйича (43-), дунёга янги ихтиролар етказиб беришда (67-), энг муҳими террор хавфи бўлмаган тинч давлатлар ўнлигига кирганлиги, бахтиёр давлатлар элликталиги, юртбошиси, давлати ва қонунларига риоя этувчи халқлар орасида иккинчи бўлди. “Биздан озод ва обод ватан қолсин” деган эдилар у. Дархақиқат ўзларидан чинакам озод ва обод Ватанни қолдириб кетди.

“Бобурнома” асарида келтиришича комил инсон номи 4 нарсада абадий қоларкан. Булар: экилган дарахтларда, қурилган иморатларда, ёзилган китобларда ва солиҳ издошларда. Ислом Каримов бошчилигида юртимиз гулу-гулзор, боғу-роғга айланди, неча нечалаб маҳобатли иморату иншоотлар қад кўтарди, у кишидан қанчадан қанча асарлару рисолалар, солиҳ издошлар қолди. Элим деб, юртим деб ёниб яшаган бу буюк инсоннинг номи халқимиз қалбида тоабад сақланиб қолади.

Исломбек Шарипов

АДУ талабаси.