ЖАМИЯТ

«ЎЛИМНИНГ РАНГИ»НИ КЎРГАН ГАЗ ЧИЛАНГАРИ


29.04.2020   1965

Сарлавҳани кўриб бироз ажаблангандирсиз. Ҳа, ўлимни ҳам ранги бўларкан. Мен буни ёзувчи Наби Жалолиддиннинг “Ўлимнинг ранги” қиссасида ўқиб билгандим. Қиссада ўзбек йигитининг Афғон урушидаги қисмати ҳақида ёритилган. Бизнинг қаҳрамонимиз Анваржон Парпиев ҳам Афғон юртида урушда қатнашиб, “ўлимнинг ранги”ни кўрганлардан.

Анвар ака 1961 йилда Избоскан туманида таваллуд топди. Маҳалладаги 3-умумий ўрта таълим мактабида таҳсил олди ва 1980 йилда эса армия хизматига чақирилди.

“80-йилнинг октябри эди. Дастлаб, Чирчиқ шаҳридаги 182-ошпазлар тайёрлов курсида 6 ой ўқув машқларини ўтказдик”, дея суҳбатни бошлади қаҳрамонимиз. “Сўнгра Афғонистонга борасизлар деди, кетдик. Дастлаб Ашхободга, сўнгра ТУ-154 самолётида Кобулга учдик...”

Анваржон ака йигитлигининг энг гуллаган пайтини жанггу жадаллар билан ўтказди. Афғон тоғларида бўлди. Кобул, Багром, Суруби, Мозори Шариф. 500 кундан ортиқ вақт давомида унга ҳар куни ўлим раҳна солди. Ота-онасининг дуолари ижобат бўлди, уларнинг сўраганлари Яратганга етди. Анвар ака Парпиев Афғондан соғ-омон қайтди.

“Мен хизматга ошпаз бўлиб борган бўлсамда, бирор кун овқат пиширмадим. Келган кунимоқ бир украин йигитига қўшиб қўйишди. У менга автоматни йиғиб-сочиш, ўқ отиш машқларини кўрсатди. Шу билан мотоўқчилар полкида бир ярим йил жанг қилдим. Орада бир марта ярадор бўлдим. Даволандим. Яна жангга...”

1982 йилнинг ноябрида урушдан соғ-омон қайтган Анваржон Парпиев 1985 йилда тумангаз идорасига ишга қабул қилинди. Мана 35 йилдирки шу идорада. Турли лавозим ва бўлимларда фаолият юритди. Ҳозирда авария-нозимлик хизматининг навбатчи чилангари. Ундан қандай ярадор бўлганлиги ҳақида сўраймиз. У бўлса бир хўрсиниб олдида, айтиб берди.

“Дарадан бир офицер ҳамда 12 та жангчи ўтаётгандик. Майдон миналанган экан. Ёнимдаги қирғизистонлик шеригим Ўктамжонни автомати тушиб кетди. Минага тушган экан. Оламан деганди, портлаш бўлди. Бирдан учиб кетдим. Кўзим олди қоронғулашди. Биқиним жиз этди. Кўзимни очсам госпиталдаман. Шеригим эса ҳалок бўлган экан. Қовурғамга осколька теккан экан. Врачларга раҳмат, яхшилаб даволашди”.

Юқорида ўлимнинг ранги ҳақида ёзгандик. Қаҳрамонимиз ҳам урушдан қайтгач икки йилча на ишлади ва на уйланди. Унинг тушларига жанг ҳотиралари кирар, қуролдош дўстларининг нолаю фиғонларини эшитар, баъзида “уррааа” дея бақириб уйғониб қоларди. Буларнинг бари уруш даҳшатларининг оғриқли асорати эди. Шукрки, икки йил вақт ичида Анваржон Парпиев мана шу асоратлардан тўла халос бўлди.

Бугун турмуш ўртоғи Муаззамхон опа билан 2 ўғил ва 1 қизни вояга етказиб, элга қўшдилар. 4 нафар набираси эса Анваржон ака йўлини пойлаб кунни кеч қиладилар. Ишдан келиши билан дарҳол севимли бобоси қучоғига.

Бир неча медал ва кўкрак нишонлари билан мукофотланган Анваржон Парпиев бугунги кунларга етказганига шукр айтиб, ҳали ҳамон Ватани ва халқи учун меҳнат қилмоқда. Биз бугун унинг Афғон урушида ўтказган 500 кунидан бир куни ҳақида ёздик, холос. Агар ҳар бир кунини ёзсак қалин бир китоб бўлиши тайин. Юрт тинчлиги, Ватан ободлиги учун ҳисса қўшганларга атаб ҳар қанча китоб ёзсак, оз. Ёзамиз ҳам...

Акмалжон Холиқов,

“Ҳудудгаз Андижон” МЧЖ матбуот котиби