ЖАМИЯТ

ЎҚУВЧИ ҚИЗНИНГ УЧИНЧИ ҚАВАТДАГИ ДЕРАЗАДАН ТУШИБ КЕТИШИ БАХТСИЗ ХОДИСАМИ ЁКИ ҚАСДДАН ҚИЛИНГАНМИ?


23.09.2019   4182

Ижтимоий тармоқларда Андижон вилоятидаги мактабларнинг бирида учинчи қаватдаги деразада ўқувчи қиз тушиб кетганлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Мазкур ҳолат юзасидан вилоят халқ таълими бошқармаси “auz.uz”га расмий маълумот берган эди. Унда “ходиса жорий йилнинг 19 сентябрь куни соат 10:30 лар чамасида Избоскан туманидаги 39-Давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг 11 “А” синф ўқувчиси Ғ. И. учинчи соат информатика фани дарс машғулоти тугаб, танаффус вақтида мактаб биносининг учинчи қаватидаги зинапоя ёнидаги деразада ўтирган ҳолатида эҳтиётсизлиги оқибатида боши айланиб, бахтсиз ҳодиса сабабли тушиб кетган.

Ҳодиса юз берган вақтнинг ўзидаёқ ўқувчи мактабнинг масъул ходимлари томонидан Избоскан туманидаги Шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимига олиб борилган ва биринчи ёрдам кўрсатилган.

Ўқувчи билан ўтказилган суҳбат жараёнида унинг берган оғзаки кўрсатмасига кўра, ҳодиса юз берган вақтда унинг атрофида ҳеч ким бўлмаганлиги ҳамда унга нисбатан бошқа шахс томонидан қасд қилинмаганлиги, ўзини жонига қасд қилиш мақсадида бўлмаганлигини, боши айланиб эҳтиётсизлиги оқибатида тушиб кетганлигини, ҳозирда унинг саломатлиги яхши эканлигини билдирган.

Мазкур ҳолат юзасидан қизнинг ота-онаси билан ўтказилган суҳбат натижасида улар томонидан муассаса масъул ходимларига нисбатан ҳеч қандай эътирозлари йўқлиги, ҳақиқатдан ҳам фарзанди И. Ғ. бахтсиз ҳодиса сабабли мактаб биносининг учинчи қаватидан тушиб кетганлигини, фарзанди муолажа олаётган тиббиёт муассасасида доимий назоратда эканлигини билдирганлар.” дейилган эди хабарда.

Мазкур ҳолатни ўрганиш мақсадида «auz.uz» мухбирлари Избоскан туманида бўлиб, суриштирув олиб борди.

Мактаб директорнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Бобур Долимовнинг айтишича, мактаб-интернатида 6 синфдан 11 синфгача 309 нафар ўқувчи она тили ва инглиз тили чуқурлаштирилган тартибда таҳсил олади. Муассаса ўқувчилари турли фан олимпиадалари, кўрик-танловлар, спорт мусобақаларида фаол иштирок этишиб, фахрли ўринларни эгаллаб келишади. Шу кунларда мактаб жамоаси беш ижобий ташаббус бўйича тадбирларга тайёргарлик кўраётган экан.

- Ташқарига чиқиб, бино атрофини кўздан кечираётсам бир пайт 11 синф боллари ҳамширани сўрашди. Нимага кераклигини сўрасам, синфдош қизларидан бири хушдан кетиб қолганлигини айтишди. Ҳар бир ўқувчига жавобгар бўлганимиз учун нима бўлганлигини билиш мақсадида боллар айтган жойга кетаётганимда уни дарвоза томонга олиб чиқишаётганди. Тез ёрдамни кутмасдан ўзимиз олиб боришга ҳаракат қилдик. Қизни учинчи қаватдан тушиб кетганлигини йўлда билдим. Шошилинчга ташлаб келгандан кейин синфдошлари билан ҳам гаплашдим. Улар воқеа қандай юз берганидан бехабарлигини айтишди. Ушбу ҳолат юзасидан туман прокуратураси ва ички ишлар бўлими томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

“Аслида биринчи қаватда ўқиймиз. Ўша куни жадвалга асосан учинчи соатимиз информатика эди. Информатика хонаси учинчи қаватда жойлашгани учун тепага чиқдик. Дарс кўтаринки кайфиятда ўтди. Ҳаммамиз хурсанд эдик. Танаффусга чиққанимизда у қиз ўзини ёмон хис қилаётганини айтиб, дераза олдига бориб туриб олди. Кейинги дарсга тайёргарлик кўриш учун биз пастга тушиб кетдик, у эса ёлғиз қолди. Ҳеч қанча вақт ўтмасдан шум хабарни эшитдик ва олдига югурдик.”, - дейдисинфдоши Б. У.

Сайёра Абдулахатованинг айтишича, уч йилдан буён ушбу синфга раҳбарлик қилиб келади. Ўн тўққиз нафар ўқувчининг беш нафари қизлар ҳисобланар экан.


- Ўқувчиларимнинг ҳар бирини доимий назорат қилиб тураман. Ўша куни ҳам дарслар бошланишидан олдин хонага кириб, биттама-битта суҳбат қилганман. Муаммоли вазиятлар пайқамагандим. Бундан ташқари уларнинг ўқишидан ташқари оилавий шароитига ҳам алоҳида эътибор қаратаман. Ота-оналар билан деярли ҳар ҳафта телефон орқали суҳбатлашаман. Чунки оиласида тинчлик ҳукмрон бўлган фарзанднинг билим олиш даражаси ҳам юқори бўлади. Воқеа ҳақида ўқувчиларимдан эшитдим.

“9-11 синфлар ўсмир ёшда эканлигини ҳисобга олиб, улар билан кўпроқ учрашишга, руҳиятини англашга интиламан. У ўқувчи билан ходиса юз беришидан икки кун аввал кўришганман. Ўшанда мактабни тамомлагач Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг инглиз тили филологияси факультетига топширишини, бунга қаттиқ тайёргарлик кўраётганлигини айтганди. Гапларидан руҳан тушкун ҳолатда эмас, аксинча хурсанд эканлиги маълум эди.”, - дейди мактаб амалиётчи рухшуноси Нафисахон Умарова.

И. нинг онаси Гуласал опанинг айтишича, қизи ўзига келганида ҳолат қандай юз бергани ҳақида айтиб берган. Унга кўра, қизи мактабга келишдан олдин тушкун кайфиятда бўлган. Дарс вақтида ўзини ёмон хис қилгани туфайли танаффусда зинапоя олдидаги очиқ турган деразага келиб тоза ҳаводан нафас олишга ҳаракат қилган. Шунда орқадан кимдир итариб юборганга ўхшаган. Бундан кейин нима бўлганини эслай олмайди.

- 21 сентябрь куни республика шошилинч тез тиббий ёрдам маркази вилоят бўлимига ўтказилди. Бугун томография қилдирдик. Лекин дам олиш куни бўлганлиги сабабли шифокорлар келмади. Ҳолати қай даражада эканлигини эртага, яъни душанба куни билиб оламиз”, - дейди Гуласал Хожиакбарова.

Қизнинг отаси Баҳтиёр Хожиакбаров эса мактаб мутасаддиларининг эътиборсизлигидан, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ушбу ходиса юзасидан тергов суриштирув ишларини олиб бормаётганлигидан норози эканлигини билдирди.

- Хабарни эшитган чоғим туман тез тиббий ёрдам бўлимига югурдим, - дейди Баҳтиёр Хожиакбаров. – Аҳволини кўргач, нима бўлганлигини ўрганиш мақсадида мактабга йўл олдим. Борганимда туман прокуратураси ва ички ишлар ходимлари турган экан, киргизишмади. Ўзимиз ўрганамиз дейишди. Ҳақиқатдан ҳам биринчи куни прокуратурадан одам келди. Ишни ёпиш мақсадида шекилли ҳужжатларга қўл қўйиб беришимни илтимос қилди, унамадим. Ундан кейин ҳеч кимни учратмадим. Яширишгани билан барибир охирига етказишларини талаб қиламан.

Бундан ташқари, ўтган ўқув йили давомида ўқитувчилари бунга нисбатан турли гап сўзларни, туҳматларни қилиб, диққат қилганини айтганди. Қизим анча-мунчага уйга гап олиб келадиганлардан эмас.Бу йил бундай ҳолатлар бўлган ёки бўлмаганини ҳозирча эшитганим йўқ. Шу сабабли ҳолатни бахтсиз ходиса деб тўлақонли таҳмин қилаолмайман. Қизимни қандай жўнатган бўлсам, шундай соғлом ҳолатда қайтариб беришларини талаб қиламан. Агарда мактабдан ташқарида бўлганида даъвойим бўлмасди.”

Кўриб турганингиздек, томонларнинг фикри турлича янграмоқда. Қизнинг учинчи қаватдан тушиб кетиши мактаб мутасаддилари айтганидек бахтсиз ходисами ёки ўзи билдираётгандек кимдир уни туртиб юборганми? Ушбу саволларга туман прокуратурасидан якуний жавобни, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасидан эса таҳлил натижаларини кутиб қоламиз.

«auz.uz» воқеалар ривожини кузатишда давом этади.

Умиджон Мамарасулов,

Рустамжон Эшонов,

«auz.uz» сайти мухбирлари.