Андижон 24

ЎҚЧИДА ЎЗГАРИШ “Обод қишлоқ” дастури доирасидаги ишлар вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида қизғин давом эттирилмоқда


22.06.2018   1630

Марҳамат туманида тўртта – Ўқчи, Миришкор, Увайсий, Кўтарма маҳалла мазкур дастурга киритилган. Ўқчи маҳалласида ташкил этилган штаб эртадан кечгача гавжум. Мутасаддилар режа асосида олиб борилаётган қурилиш ва ободонлаштириш юмушларини мувофиқлаштириб бормоқдалар.

Маҳалла ўрамида 630 хонадондаги 895 та оилада 3380 та аҳоли истиқомат қилади. Мактаб, боғча ва поликлиника бор. Туман ҳокимлиги ва бириктирилган масъуллар дастлаб ўқчиликлар билан очиқ мулоқот ўтказдилар ҳамда дастур мазмун-моҳияти тушунтирилди. Ишлар тақсимланди. Ижтимоий соҳа объектлари, йўл, муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси, коммунал соҳа қурилиш ва таъмирлаш ишлари бюджет маблағлари ҳисобидан, маиший ва савдо объектларини барпо этиштомонидан тадбиркорлар бажарилиши айтилди. Хонадон соҳиблари ўз уйларини талаб даражасига келтириши зарурлиги таъкидланди. Ўз навбатида маҳалла аҳли ишларни жадаллаштириш учун ҳашарга тайёр эканликларини билдирдилар.

-Бугунга қадар режадаги 4,1 км йўллар шағалланди, 2,2 км. ичимлик суви тармоғи тортилди, - дейди туман ҳокимининг ўринбосари Омадбек Арслонов. – 59 хонадонга табиий газ етиб борган бўлса, қолганлари суюлтирилган газ баллонлари билан деярли тўла таъминланди. Мактабда таъмирлаш давом этмоқда, қўшимча янги ўқув корпуси қурилмоқда. Мавжуд 2 та кўпқаватли уйларнинг том ва фасад қисми янгиланди. Электр қуввати тизимида ҳам ишлар бажарилмоқда.

- Дастур туфайли анчадан буён қийнаб келаётган муаммо барҳам топди, -дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Абдумутал Мирзаев. - Катта ариқ тозаланди ва 800 та хонадон томорқасига сув келди. Бизда азалдан узум ва картошка етиштириш урф бўлган. Ҳар бир хонадонда ўртача 6 сотихдан томорқа бор, десак, 48 гектарда баракали ҳосил яратиш имконияти пайдо бўлди.

“Обод қишлоқ” дастури “Ҳар бир оила-тадбиркор” ҳаракатини ривожлантиришга ёрдам бермоқда. Шу кунга қадар 200 чоғли хонадондан иссиқхона ташкил қилиш учун ариза тушди.

Тент билан қопланган штаб ёнида очиқ осмон остида ўзига хос қурилиш материаллари омборхонаси пайдо бўлди. Кам таъминланган ва имконияти чекланган оилалар қум ва оҳакни бепул олиб, фойдаланмоқда. Тадбиркор Зоҳиджон Каримов қассобхона қурмоқда. Ертўласида 100 тонна сиғимга эга музлаткич барпо этиш кўзда тутилган. Унда сақланадиган маҳсулотлар янги ташкил қилинадиган мўъжаз мева-сабзавот бозорини таъминлайди.

Маҳалладаги 12 нафар ногиронга аравачалар берилди. Имконияти чекланган Ривожиддин Умаровга эса иссиқхона ташкил қилиш учун кредит ажратилди.

Режадаги ишлар яна бир ой мобайнида адо этилади.

С.Холдаров.