Андижон 24

«Ўхшатдим» ва «Абсана»ни тинглаб, кўк сомса еганмисиз?


20.03.2018   1512

Вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг кўргазмалари ўқувчи ёшлар иқтидори ва салоҳияти намойишига айланиб кетди. Андижон санъат коллежининг Аъзамжон Нурматов раҳбарлигидаги дамли чолғу асбоблари оркестрининг аъзолари хориж ва ўзбек бастакорлари мусиқаларини ижро этдилар. Улар атрофига тўпланган одамлар юзлару кўзларида фарахбахшлик яққол кўриниб турарди.

- Мамлакатимизда ёш истеъдодларни юзага чиқаришга алоҳида эътибор берилаётгани, мана, улар ижросида ҳам намоён бўляпти, - деди бошқарма мутахассиси Азиздек Ҳафизов. – Ҳали булар орасидан катта санъат юлдузлари чиқади...

Асака педагогика ижтимоий-иқтисодиёт коллежининг ошпазлик йўналишлари ўқитувчи ва ўқувчилари эса турли миллий таомларни шу ернинг ўзида тайёрлаб кўпчиликнинг олқишини олдилар. Кўк сомса, чучвара, нон маҳсулотлари турли салатлар ҳаммага ёқди. Шу тумандаги иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш коллежининг аскиячи ўқувчилари “Ўхшатдим” ва “Абсана” каби пайровлари билан йиғилганлар кўнглига завқ бағишладилар.

Ёш мусаввирлар эса шу ернинг ўзида натурадан суратлар чизиб, эгаларига тақдим тдилар.

Байрам тадбирларида 115 та касб-ҳунар коллежи ва 8 та академик лицей жамоалари баҳорий таомлар кўргазмаларини тақдим этдилар. Ҳар бир жамоа куй-қўшиқларга рақс тушиб, мириқиб ҳордиқ чиқардилар.

Гулчеҳра ЗОҲИДОВА.