Спорт

ЎФА БИРИНЧИ ВИЦЕ-ПРЕЗИДЕНТ УМИД АҲМАДЖОНОВ ИСТЕЪФОГА ЧИҚИШ БЎЙИЧА АРИЗА ЁЗДИ


13.06.2019   113

Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов истеъфога чиқиш бўйича ариза ёзди. Бу хусусда ЎФА матбуот хизмати маълум қилди.

Футбол ассоциациясидаги ишидан ташқари бир вақтнинг ўзида Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти лавозимида ҳам фаолият олиб бораётган У. Аҳмаджонов аризасида қуйидагиларни баён қилган:

Осиё Олимпия кенгаши вице-президентлиги — ниҳоятда масъулиятли вазифа. Келаси йил Токиода Олимпия ўйинлари бошланади. Мазкур мусобақага вақт кам қолмоқда. Хизмат сафарлари кўп. Шу сабабдан Ўзбекистон футбол ассоциацияси вице-президентлигидан бўшаш бўйича ариза ёздим.

Ўйлашимча, ўтган вақт давомида ўзбек футболи ривожи учун астойдил меҳнат қилиб, қўлимиздан келган барча чора-тадбирларни амалга оширдик. Буларнинг самараси аста-секин кўзга ташланмоқда.

Шу ўринда юртимизда спорт ривожига, хусусан, футбол ривожига катта аҳамият қаратиб келаётган муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромоновичга, барча зарур шарт-шароитларни яратиб бераётган ҳукуматимиз раҳбариятига миннатдорчилик билдириб ўтмоқчиман.

Умид Аҳмаджонов, Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти

Жорий йилнинг 15 май куни У.Аҳмаджонов Миллий олимпия қўмитаси раҳбарлигидан ҳам истеъфога чиққанди.